Олий Мажлис Сенатнинг эллик бешинчи ялпи мажлиси 15 август куни чақирилади, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги конституциявий қонун ҳамда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, «Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун, бир қатор халқаро ҳужжатларга қўшилиш ва Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциясини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар муҳокама қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар рўйхатини тасдиқлаш масаласини кўриб чиқиш, Сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳанинг бошқариш механизмларини ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ижроси бўйича ахбороти эшитилади.

Мажлис кун тартибидан «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун ҳам ўрин олган.

Қонунчилик палатаси бу ҳужжатни 2023 йил 28 ноябрь куни қабул қилган. Сенат бу ҳужжатни ҳалигача кўриб чиқмаганди.

Аввалроқ Қонунчилик палатаси қонун белгиланган муддатда тақдим этилганини маълум қилганди. «Газета.uz»даги маълумотларга кўра, ҳужжат 2023 йил 5−6 декабрь кунлари Сенатга юборилган бўлиши керак.

Шундай қилиб, Сенат 5−6 февралгача йиғилиш ўтказмаган ва ушбу қонун юзасидан қарор қабул қилмаган бўлса, у президентга имзоланиш учун юборилиши лозим эди.

Қонун нима ҳақида?

Муҳокамага сабаб бўлаётган қонун «мамлакатда содир этилаётган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солишга мақсадида» тайёрланган. Қонуннинг биринчи қисмида ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларига доир бир қатор жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган.

Хусусан, қонун орқали 2018 йилдан буён жорий этилиши кутилаётган жарима баллари тизими ҳам ниҳоят ишга туширилиши кутилаётганди. Аммо Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган мазкур қонуннинг иккинчи қисмига жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган «обрўсизлантириш» нормаси ҳам қўшиб кетилди.

Ушбу нормага кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (17 млн сўм) миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев қонуннинг иккинчи қисмида таклиф этилган норма мамлакатдаги очиқлик сиёсатига, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» тамойилига зид эканини таъкидлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини қайд этиб ўтган эди.

Шунингдек, у қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарлик учун моддалар аллақачон мавжудлигини билдириб ўтган.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси 11 январь куни қонун лойиҳаси муҳокамасини ташкил этган. Журналистлар қонуннинг суиистеъмол қилиниш хавфи борлигини кўрсатиб, мазкур қоидага қарши чиққан. Сенатор ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари ушбу тузатишнинг аҳамиятини оқлашга ҳаракат қилган.

Кўплаб жамоатчилик вакиллари қонундаги айнан ушбу нормага эътироз билдириб, қолган қисмига эътироз йўқ эканини таъкидлади.

«Маст ҳолда машина ҳайдаганларга жавобгарлик кучайтирилиши ҳам, жарима балларининг қўлланилиши ҳам, автомактаб билан боғлиқ қисмларини ҳам — ҳаммаси зўр, бу кутилган қонун ва уни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо асосий эътироз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини видео ёки фотосуратга олиб, интернетга жойлаганлик учун маъмурий қамоқ даражасигача бўлган жавобгарликни белгилаш ҳақидаги қисмига эди. Умуман масаланинг моҳияти шу эди. Ҳозир неча нафар одам ўлгани, ҳайдовчиларни тарбиялашимиз кераклиги, аҳвол чатоқлиги ҳақида гапиряпмизда, худдики шу билан мана шу моддани хаспўшлаётгандек бўлиб қоляпмиз», — деди, хусусан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев 11 январдаги йиғилишда.