«Таскин» болалар ҳосписи 13 август куни ўз беморлари учун таблетка кўринишидаги морфиннинг дастлабки партиясини қабул қилиб олди. Бу ҳақда муассаса мудири, онколог Рустам Норбоев Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

«Бугун Ўзбекистондаги паллиатив ёрдам хизмати учун тарихий кун. Ҳамкасбларимиз, айниқса, онкологлар ўз танишларининг оғриқ қолдирувчи дори сўраб қилган мурожаатлари билан нақадар кўп дуч келишларини яхши билади… Кўплаб беморлар азобланиб вафот этди. Биз бу таблеткани икки йил кутдик, қанчадан-қанча болалар бу кунларни кўра олмади», — деб ёзган Рустам Норбоев.

Фото: Рустам Норбоев / Facebook.Фото: Рустам Норбоев / Facebook.

«Таскин» болалар ҳосписининг эҳтиёжи катта бўлмагани боис ушбу муассаса шу вақтгача ушбу оғриқ қолдирувчиларни сотиб ололмаётган эди. Чунки, аввалроқ онколог Яҳё Зиёев тушунтирганидек, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар бундай (нисбатан кичик) ҳажмдаги буюртмаларни тайёрлаб беришдан манфаатдар эмас.

Ўзбекистонда 2022 йил охирида онкологик касалликларга чалинган 126 минг бемор бор эди, аммо мамлакатда паллиатив ва ҳоспис ёрдамини кўрсатиш бўйича услубий марказ мавжуд эмаслиги боис улар учун морфин сотиб олиш имкони йўқ эди. Марказни Тошкентдаги ҳоспис негизида ташкил этиш кўзда тутилган, аммо унинг очилиши беш йилдан бери кечикяпти. Пойтахт ҳокимлиги сўнгги бор ушбу марказни сентябрь ойи охиригача ишга тушириб беришни ваъда қилганди. Аммо энди, Рустам Норбоевнинг айтишича, очилиш октябрь-ноябрда бўлиши кутилмоқда. Бошқа ҳудудлардаги онкологик марказлар ва ҳоспислар, бошқарув тизими марказлаштирилгани боис, услубий марказ сифатида ишлолмайди.

taskin, онкология, паллиатив ёрдам, рустам нарбаев, рустам норбоев, таскин, ҳоспис

Ўтган шунча давр мобайнида беморлар ҳафтасига 28 ампулагача морфин олиши мумкин эди, ваҳоланки, улар ҳис қилаётган оғриқнинг даражаси бир куннинг ўзида худди шунча миқдордаги морфинни талаб этиши мумкин эди. Бола ёшидаги беморларга эса, «Таскин» ҳосписига жойлаштирилган болаларни ҳисобга олмаса, умуман морфин берилмасди.

Вазиятни Рустам Норбоевнинг 2024 йил кириб келиши олдидан ёзган хабари ўзгартирди. Ўшанда онколог Янги йил арафаси «Таскин"'да оғриқ қолдирувчи дорилар тугаганини маълум қилганди. Нисбатан узоқ давом этадиган байрам дам олиш кунлари сабаб морфин топиш машаққатга айланган, чунки тиббиёт муассасаси препаратни фақат иш кунлари ишлайдиган биржа орқали сотиб оларди.

«Техасдаги бир клиникада бир беморда жуда кучли оғриқ синдроми кузатилган. Беморга бир сутка давомида ёрдам бера олишмаган. Фақат бир кун ўтиб ёрдам бериш имкони пайдо бўлди, оғриқ қолдирилган, аммо ўшанда навбатчилик қилган ҳамшира ва орастабон ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган… Бизда оғриқ қолдирувчи дорилар тугади, биз Янги йил арафасида дориларнинг навбатдаги партиясини ололмадик ва энди байрам кунларини қандай ўтказишимизни билмаяпман», — дейилганди ўша хабарда.

Унинг ёзганларига, Рустам Норбоевнинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳосписга морфин сотадиган «Дори таъминоти» компанияси, шунингдек, Президент администрацияси эътибор қаратган.

«Мен ўшанда уларга оғриқ қолдирувчи дорилар барибир етишмаслигини, бу ҳол таблетка кўринишидаги морфинга ўтмагунимизга қадар давом этишини айтиб, вазиятни тушунтиргандим, — дейди онколог. — Инъекцион морфин ҳамма учун ҳам қулай эмас. Шифокорлар уни ёзиб беришни хоҳламайди, чунки улар ҳар бир ампула учун жавобгар. Бемор ампулаларни қайтариб бериши керак. Агар қайтармаса, шифокор беморнинг ортидан югуриб юради».

Таблетка кўринишидаги морфинда эса бундай оворагарчилик йўқ, дея таъкидлайди Рустам Норбоев. Ампулаларни қайтариш шарти хавфсизлик талаблари билан боғлиқ: беморлар уни бошқа мақсадларга, масалан, эйфория (кайф) учун ишлатиб юбормасин, деган хавотир бор. Боз устига, шприцдаги морфин узоқ «яшамайди», таблеткаларни эса қайта қадоқлаб (бошқа идишга солиб) қўйиш мумкин, шу боис блистерларни қайтариб беришдан маъно йўқ.

Рустам Норбоевнинг таъкидлашича, халқаро стандартлар бўйича паллиатив хизмат мутахассислари беморларни оғриқ қолдирувчи дорилардан чекламаслиги, яъни, «улар бунга ўрганиб қолади» деган хавотир бўлмаслиги керак. Дорига қарамлик профилактикаси, наркотик моддалар тарқалишининг олдини олиш билан бошқа тузилмалар, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шуғулланиши зарур. Шунда ҳам бу ишлар сурункали оғриқ синдромидан азият чекаётган беморларга зарар етказилмаган ҳолда олиб борилиши лозим. Акс ҳолда улар чидаб бўлмас даражада азоб чекади ва паллиатив ёрдам, инсонийлик, шифокорлик этикаси фалсафалари шунчаки йўққа чиқади.

taskin, онкология, паллиатив ёрдам, рустам нарбаев, рустам норбоев, таскин, ҳоспис

Онкологнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ўша хабаридан сўнг, болалар ҳосписи Янги йил арафаси оғриқ қолдирувчи дорилар билан таъминланган эди. Давлат идоралари эса таблетка кўринишидаги морфинни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича иш бошлаганди. Онкологлар ўшандаёқ дарҳол огоҳлантирилган: логистика ярим йилдан кўпроқ вақт олиши мумкин, чунки импортчи ва экспортчи мамлакатларнинг наркотиклар айланмасининг олдини олиш бўйича идоралари юк ва унинг ҳужжатларини уч ойлаб текширади.

Препаратлар Ўзбекистонга июнь ойида етиб келган бўлса, уларни биржа орқали сотувга чиқариш учун зарур жараёнлардан ўтказиш учун яна икки ой керак бўлди. 13 августга келиб «Таскин» болалар ҳосписи «Дори таъминоти» компаниясидан таблеткаларнинг биринчи партиясини сотиб олди.

Ҳосписда фойдаланилаётган узоқ муддатли таъсирга эга морфин таблеткалари Москвадаги «Эндофарм» эндокрин заводи томонидан тайёрланган. Ушбу корхона оғриқ синдромини ечишга ёрдам берувчи дори воситаларини ишлаб чиқаради.

Рустам Норбоевнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳозирча дозаси юқори бўлмаган морфин сотиб олган. Бундай вазиятда айрим беморлар бир эмас, бир неча таблетка ичишига тўғри келади. Аммо шунда ҳам у инъекциядан яхшироқ: паллиатив ёрдам, айниқса кичик болаларга келганда, оғриқни оғриқсиз қолдиришни назарда тутади.

Фото: ЖССТФото: ЖССТ

«Таскин» раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда таблетка кўринишидаги морфинни Ўзбекистоннинг барча онкологик марказлари сотиб олиши мумкин: «Дори таъминоти» дори захирасини етарли миқдорда шакллантирган. Ҳозирча бунга фақат Самарқанддаги ҳоспис қизиқиш билдирди. Қайд этиш жоиз, ушбу дори воситасидан фақат стационар шароитида парвариш қилинаётган беморлар фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистон онкологлари декабрь ойи охиригача фентанилли пластирнинг рўйхатга олинишидан ҳам умидвор — у сурункали кучли оғриқдан азият чекаётган беморлар учун қўлланилади. Уни катта ёшли беморларга тайинлаш режалаштириляпти. Препарат уларни уч кунгача оғриқдан халос қилади. Бундай пластирлар болаларга тайинланмайди, чунки, Рустам Норбоевнинг тушунтиришча, болаларнинг териости ёғ тўқималари катталарникига нисбатан юпқа.

«Шу боис морфин томчилари ва умуман морфиннинг барча кўринишлари рўйхатга олинса, жуда соз бўларди. Томчилар ютина олмайдиган болалар учун керак. «Таскин»даги шундай беморларнинг оғриғини биз ампуладаги морфин билан қолдиришда давом этамиз, чунки бошқа чора йўқ», — дейди онколог.

taskin, онкология, паллиатив ёрдам, рустам нарбаев, рустам норбоев, таскин, ҳоспис

Морфин таблеткалари етказиб берилиши бошлангани Ўзбекистон паллиатив ёрдам хизмати учун муҳим тарихий воқеа саналса-да, соғлиқни сақлаш тизимининг ҳоспис беморларига нисбатан муносабатини инсонийлаштириш учун тиббиёт ходимлари ҳали кўп ва хўб меҳнат қилиши зарур.

Рустам Норбоевнинг сўзларига кўра, ҳозирда таркибидан, хусусан, «Эндофарм» заводи вакиллари ва Россия паллиатив хизмати мутахассислари ҳам ўрин олган ишчи гуруҳ тузилган. Улар Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиш ва тузатишлар киритиш бўйича бир қатор лойиҳаларни ишлаб чиқиши лозим.

Ушбу тузатишлар амбулатория шароитида даволанаётган беморларга ҳам таблетка кўринишидаги морфинни тайинлашга имкон бериши, бошқа дори воситаларидан фойдаланишни осонлаштириши керак, дейди Рустам Норбоев. Бундан ташқари, катта ёшли беморларда кузатиладиган сурункали оғриқ синдромини даволаш бўйича қўлланма ва паллиатив ёрдамга муҳтож барча беморларни парваришлаш бўйича йўриқнома ҳам ишлаб чиқилиши лозим.

«Газета.uz» бу борадаги ишлар қайси босқичда эканини аниқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик ҳозирча таҳририят сўровига жавоб берганича йўқ.