Айрим ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши жараёнида қонун бузилишига йўл қўймоқда, деб ёзди бизнес омбудсмани таҳлил натижаларига таяниб.

Унинг қайд этишича, қонунчиликка кўра, ҳоким ёрдамчиси тадбиркорнинг кредит олиш учун аризасини 5 кун ичида кўриб чиқиб, Ягона электрон платформага ўз хулосасини киритиши шарт.

«Аммо Жиззах вилоятидаги 55 нафар ҳоким ёрдамчиси ушбу талабга риоя қилмаган», — дейилади хабарда. Уларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида 110 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаган.

Хусусан, Зомин туманидаги МЧЖ раҳбарининг кредит олиш учун аризаси белгиланган муддатдан 60 кунга кечикиб кўриб чиқилган.

Ҳолатлар юзасидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ишларини қониқарсиз ташкил этгани учун Шароф Рашидов, Пастдарғом, Ангор туманлари, Андижон ва Термиз шаҳарларидаги 123 нафар ҳоким ёрдамчиси ишдан бўшатилганди.