Оилаларнинг ажралиши ва болаларни интернат туридаги муассасага жойлаштиришнинг барчага маълум бўлган салбий таъсирига қарамай, Марказий Осиёнинг бешта давлатида 0−17 ёшдаги 60 мингга яқин болалар интернат муассасаларида қолмоқда. Бу ЮНИСEФ томонидан эълон қилинган янги сиёсий шарҳда келтирилди.

Марказий Осиёда оила аъзолари бирга бўлиши бўйича кўрсаткичга кўра, ҳар 100 000 боладан тахминан 203 таси интернат туридаги муассасаларда яшайди, бу эса дунё миқёсидаги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўпдир — ўртача 100 000 болага 105 та.

Марказий Осиёдаги муассасаларда болаларнинг умумий сонини камайтириш бўйича эришилган ютуқларга қарамай, ногиронлиги бўлган болалар интернат туридаги муассасалардагиларнинг кўп қисмини ташкил этади. Марказий Осиёнинг Қозоғистондан ташқари барча мамлакатларида 2015−2021 йилларда ногиронлиги бўлган болаларнинг интернат муассасаларидаги улуши ўсди, бу эса ижтимоий меъёрлар чуқур илдиз отганидан ҳамда ҳамжамиятга асосланган хизматлар чекланганидан далолат беради.

Сиёсий шарҳда айтилишича, интернат туридаги муассасаларда бўлган болалар улуши мамлакатдаги болаларни ҳимоя қилиш тизимининг қай даражада самарали эканини акс эттириши мумкин. Бу борадаги юқори кўрсаткич оила бирлигини сақлай олмайдиган тизимдан далолат беради.

«Биз биламизки, институционализациянинг болаларга таъсири оғир ва умр бўйи давом этиши мумкин, шу боис оилани қўллаб-қувватлаш хизматларига кўпроқ сармоя киритиш зарур бўлади» — деди Режина Де Доминичис, ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори.

«Сўнгги йилларда муқобил парваришда бўлган болалар сони камайиши ҳамда муассасалар ёпилиши борасидаги прогресснинг гувоҳи бўлдик. Бу ишни давом эттиришимиз керак, шунда ҳеч бир бола камбағаллик, ногиронлик ёки хулқ-атвори қийин бўлгани сабабли ёки оиласи ўз фарзандини уйда парвариш қилиш учун зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлмагани учун муқобил муассасага жойлаштирилмайди», — дейди у.

Интернат муассасаларда вояга етаётган болалар миянинг соғлом ривожланиши учун муҳим бўлган ижтимоий, ҳиссий ва интеллектуал рағбатлантиришдан маҳрум. Жамиятнинг асосий қисмидан узоқ бўлган интернат муассасаларидаги болалар зўравонлик, бепарволик ва шафқатсизлик олдида ҳимоясиз.

ЮНИСEФ Марказий Осиёда йирик интернат муассасаларини ёпиш ва оилага асосланган муқобил шароитларни яратишга кўмак берадиган еттита тавсияларни таклиф қилади:

Биринчи. Имкон қадар болаларни оилаларида қолдириш мақсадида ислоҳотларни ўтказиш учун болаларга ғамхўрлик қилиш бўйича самарали ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, йирик интернат муассасаларини ёпишни режалаштириш ҳамда болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш хизматларининг яхлит тизимини барпо этиш.

Иккинчи. Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматларига, хусусан, болалар оилаларидан ажралиш хавфи бўлган вазиятларни эрта аниқлаш ва тегишли чораларни кўриш мақсадида ижтимоий хизмат соҳасидаги малакали ходимлар штатини шакллантиришга сармоя киритиш.

Учинчи. Оилага асосланган муқобил парваришни таъминлаш, жумладан, болаларга ғамхўрлик қилаётган оиланинг катта ёшдаги аъзоларини кўпроқ қўллаб-қувватлаш ҳамда имкон қадар ака-ука, опа-сингилларни бир-биридан ажратмасликка имкон берадиган стратегияларни татбиқ этиш.

Тўртинчи. Ишончли стратегиялар ва амалий ҳимоя методлари орқали муқобил парвариш муассасаларида бўлган болаларни зўравонлик, бепарволик ва шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилишни таъминлаш.

Бешинчи. Оиладан ажратиш эҳтимоли бўлган, муқобил парвариш муассасаларида яшаётган ёки васийликдан чиққан болалар тўғрисидаги маълумотлар ҳажмини кўпайтириш ва сифатини яхшилашга сармоя киритиш.

Олтинчи. Оила яхлитлигини қўллаб-қувватлашнинг афзалликлари ҳамда боланинг айнан оиладаги парваришига устувор даражада эътибор бериш зарурлиги тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш.

Еттинчи. Болаларга тегишли бўлган қарорларни қабул қилишда уларнинг овозларини эшитишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда болаларнинг эҳтиёжлари ва ҳуқуқларини қондиришга қаратилган янги стратегиялар ва амалий чораларни ишлаб чиқишда уларнинг фикрларини эътиборга олиш.

Қайд этилишича, оилалар яхлитлигини сақлашга ёрдам бериш ҳамда оила ва ҳамжамиятга асосланган парваришларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ЮНИCЕФ Марказий Осиёдаги ҳукуматлар ва ҳамкорлар билан бирга иш олиб боради. Деинституционализация стратегиялари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш, болаларни ўз оилаларидан ажратишнинг олдини олиш учун ҳимоя ва оилани қўллаб-қувватлаш хизматларини кенгайтириш, оила ва жамият асосидаги ғамхўрликка, оилаларни бирлаштириш ва уларнинг реинтеграциясига ҳамда болаларнинг мустақил ҳаётга хавфсиз ўтишига кўмак бериш шулар жумласига киради.