11 август куни Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида қотиллик содир этилди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га.

18 ёшли қиз Ф.Ж. таёқ ва металл буюм билан олинган тан жароҳати оқибатида вафот этган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, қизга унинг укаси, 16 ёшли А.Ж. ҳужум қилган, чунки унинг опаси «йигитлар билан муносабатда бўлган».

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи қўлга олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.