Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ва Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри ҳокими вазифаларида ишлаган Музаффар Салиев 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. «Газета.uz» унга 2024 йил 13 мартда Шайхонтоҳур тумани суди ўқиган ҳукм ва 30 июль куни Тошкент шаҳри суди чиқарган апелляция инстанцияси ажримини ўрганиб чиқди.

Музаффар Салиев ким?

У 2017 йил 5 июлдан 2021 йил январигача уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимида ишлаб келган. Президент уни «ишда йўл қўйган хато-камчиликлари, берилган огоҳлантиришлардан тегишли хулоса чиқармагани» учун ишдан бўшатган. 2021 йил 15 январдан Нурафшон ҳокими лавозимига киришган.

2023 йил 7 апрелда эса бу лавозимдан олинган (суд ҳукмида унинг 6 апрелда қамоққа олингани ҳақида сўз боради).

Айблов

Қайд этилишича, судланувчи вазир лавозимида ишлаш чоғида расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, сохта ҳужжатлар тузиш, улардан фойдаланиб, хўжалик юритувчи субъектлар орқали пул маблағларини нақдлаштириб, уларни уюшган гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимлаш орқали моддий даромад орттириш билан шуғулланган.

Суд ҳукмига кўра, Музаффар Салиев Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а,в» бандлари (Жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а,б» бандларида (Мансаб сохтакорлиги / такроран ёки хавфли рецидивист томонидан / уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган қўшимча жазони тўлиқ қўшиш, асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил унга 3 йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, айбдорлардан 63 млрд сўмдан ортиқ маблағни давлат фойдасига солидар тартибда ундириш, Салиев номига расмийлаштирилган Lada Pickup, Tracker автомобиллари, 2 та хонадон, битта ҳовли, 14,6 минг долларлик маблағи етказилган зарарни қоплашга қаратилиши белгиланган.

Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши ва бу муддат 2023 йил 6 апрель санасидан ҳисобланиши қайд этилган.

30 июль куни Тошкент шаҳри суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати келтирилган апелляция шикоятларини жиноят иши билан бирга кўриб чиққан ва 13 март кунидаги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.