15 август куни сенаторлар «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади. Қонунда ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация ва буллингни зўравонлик шакллари деб топиш, шунингдек, болаларни ҳимоялаш тартибини жорий этиш ва тарбия жараёнида жисмоний жазолашни тақиқлаш белгиланган. Қонун маъқуллаш жараёнида Сенат раиси Танзила Нарбаева болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ва қонун ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Жойларда „маҳалла еттилиги“ фаолият кўрсатяпти, улар билан биргаликда ишлаш керак. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг энг қуйи бўғинларида ҳозир икки-учтадан маҳаллага бир нафардан ходим бириктириб бериляпти, тўғрими? Шу асосий вазифалар бўлади, шунинг учун ходимларнинг тайёргарлиги ва замонавий стандартларга мос равишда ўз ишини билиши жуда муҳим масала», — дейди у.

«Айтиб ўтиш керакки, ижтимоий ҳимоя масаласига оид тизимнинг Президент ҳузурида жорий қилингани, бу масалага давлатимизнинг қанчалик эътибор бераётганлигидан далолат. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг мақоми юқори қилиб қўйилгани бежиз эмас. Чунки муаммо бор. Зўравонликка учраган болалар билан ишлаш доирасида таълим, тарбия, тиббий хизмат масалаларида муаммо бўлмаслиги мумкин. Лекин зўравонлик қилган шахслар билан ишлашда муаммо бор. Албатта, бу йўналишда Мактабгача ва мактаб таълими, Ички ишлар вазирликлари, Прокуратура ходимларини ўқитиш, қайта тайёрлаш зарур. Бундан ташқари қисқа муддатли курслар ҳам ташкил қилиниши керак. Зўравонлик қилган шахслар билан, тузатиш дастурлари асосида алоҳида ишларни йўлга қўйиш керак.», — дея қайд этди раис.

«Ҳимоя ордери жорий қилинди, бир йилгача чўзиб берилди. Зўравонликка учраган аёлларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилади, касбга ўқитилади, ишга жойланади, у билан психологик ишлайди, ижтимоий ходим ишлайди, лекин зўравонлик қилган шахс билан ҳеч ким ишламайди. У ё ичкиликка берилган бўлади, ё саломатлигида муаммоси бор одам бўлади. Шунинг учун у билан ҳеч ким ишламайди. Аёл билан ишланади, лекин у [зўравон] билан ҳеч ким ишламайди. Ҳимоя ордерининг муддати тамом бўлгандан кейин аёл яна ўша зўравоннинг уйига киритиб қўйилади ва бу иш яна давом этаверади. Шунинг учун бунинг илдизи билан ишлаш керак деган масалага эътиборни кучайтириш керак бўлади», — деди Нарбаева.

Унинг таъкидлашича, болалар зўравонлиги сабабли икки мингдан зиёд шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

«Агар тузатиш дастурларини самарали йўлга қўймасак, ота-оналар ҳуқуқидан маҳрум қилиниш ҳолати ёки аёлларнинг бора-бора ўз жонига қасд қилиш ҳолатига ҳам олиб келиши мумкин. Шунинг учун мана шу агентлик жойлардаги маҳалла фаоллари билан, ички ишлар бўлимлари билан биргаликда намунавий тузатиш дастурини қилиб беришингиз керак. Пастгача туширилади, мутахассислар ўз муаммоларидан келиб чиқиб, унга ўзгартиришлар киритиши мумкин бўлади ва зўравонликка йўл қўяётган шахслар билан индивидуал ишлаш керак бўлади. Қачонки, биз шу ишни йўлига қўймас эканмиз, зўравонлик ҳолатлари давом этаверади. Бу бўйича биз ҳам, албатта, фаол иштирок этамиз» — деди у.

Сенат раиси бу тизим бўйича прокуратура, Ички ишлар вазирлигида ходимларни ўқитиш, қайта тайёрлаш учун ўқув муассасаларида қисқа муддатли курслар ташкил қилиниши кераклигини қайд этди. «Тузатиш дастурлари билан таништирилиб, зўравонлар билан алоҳида ишларни йўлга қўйиш керак. Иш фақатгина бир томонлама бўлиши керак эмас», — дея қўшимча қилди Танзила Нарбаева.

«Мазкур қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича яхлит, мустаҳкам ва ишончли тизим яратилишига хизмат қилади. Ҳар доим айтамиз, қонунлар яхши қабул қилинади, халқаро стандартларга жавоб беради, миллий манфаатларимизга жавоб беради, лекин уларнинг амалиёти энг асосий иш. Шунинг учун қонун қабул қилингандан кейин, албатта, муаммога ёндашувни ўзгартиришимиз керак. Шундай қилишимиз керакки, мана шундай ҳолатлар бўлмасин», — деди раис.