Полиз маҳсулотлари — ёзнинг иссиқ кунларида энг кўп истеъмол қилинадиган ноз-неъматлардан. Шу билан бирга, қовун ва тарвузлар етарли даражада пишмаган ёки уларни етиштиришда кимёвий ўғитлардан кўп фойдаланилган бўлса, бу саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларни танлашда ва истеъмол қилишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида маълумотларни эълон қилди.

Дориланган полиз маҳсулотлари нимаси билан хавфли? Улардан заҳарланмаслик учун нима қилиш лозим?

«Тарвуз таркибида организм учун фойдали бўлган минерал ва витаминлар кўп. Ушбу резавор 92 фоиз сувдан иборат бўлиб, нафақат чанқоқни қондиради, балки саломатлик учун ҳам жуда фойдали. Хусусан, тарвуздаги калий ва магний асаб тизими ҳамда мия фаолиятига ижобий таъсир этади», — дейди Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Тожиев.

Ундаги ликопин, А, В, C каби дармондорилар ҳамда картоноид яллиғланиш ва эрта қаришнинг олдини олади. Шунингдек, бу маҳсулот юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилаб, қон босимини пасайтиради ва холестерин даражасини назорат қилади.

полиз маҳсулотлари, полиз экинлари, тарвуз, тарвуз танлаш, қовун, қовун-тарвуз

Бироқ тарвуз истеъмол қилишда эҳтиёткорликни унутмаслик лозим. Хусусан, ушбу полиз экинини сотиб олаётган пайт унинг бутунлиги, чиримагани ва кимёвий ўғитлар билан меъёрдан ортиқ тўйинтирилмаганига эътибор қаратиш керак.

Таркибида нитрат моддаси кўп бўлган тарвуз истеъмол қилингада унинг нохуш белгилари 4−6 соат ичида пайдо бўлади.

Бундай ҳолатда кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, қорин ва бош оғриғи, тана ҳароратининг 38−39 даражагача кўтарилиши, қон босимининг пасайиши, юрак уришининг секинлашиши ҳамда қўл-оёқлар совқотиши, тери ранги ўзгариши (кўкариш) каби аломатлар кузатилиши мумкин.

Хусусан, тарвуз ёки қовун харид қилаётганда, энг аввало, сотувчидан маҳсулот манбаи, унинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи тегишли рухсатномани талаб қилиш лозим. Шу билан бирга, маҳсулотларнинг бузилмаганига ишонч ҳосил қилиш зарур. Табиий пишган тарвуз чертиб кўрилганда жарангдор овоз чиқиб, унинг пўстини осонгина тирнаш мумкин. Агар маҳсулотнинг банди қуриган бўлса, бу унинг яхши пишганидан далолат.

полиз маҳсулотлари, полиз экинлари, тарвуз, тарвуз танлаш, қовун, қовун-тарвуз

Тарвуз ҳолатининг яна бир муҳим кўрсаткичи қизил қисмидаги томирлар рангидир. Агар улар сариқ ёки бинафша тусда бўлса, бундай маҳсулотдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки у тўлиқ пишмаган ёки нитратнинг таъсири бўлиши мумкин. Қолаверса, тарвуз устидаги чизиқлар аниқ ва бир-бири билан аралашиб кетмаган бўлиши керак. Хиралашган чизиқлар унинг нитрат билан тўйинганидан далолат.

Азотли ўғит билан тўйинган тарвуз сув остига чўкади. Агар бўлакланганда қийшиқ эмас, тўғри кесилса, бу ҳолат ҳам унинг кимёвий моддаларга тўйинганлигининг белгисидир.

Шу билан бирга, тарвуз истеъмол қилгандан кейин тоза бўлмаган сув ичиш, овқатланишдан олдин қўллар ва маҳсулотни ювмаслик, полиз экинларини нотўғри сақлаш заҳарланиш хавфини оширади. Полиз экинларини кесилгандан кейин совиткичда 2−3 соатдан кўп бўлмаган муддатда сақлаш керак.

Бундан ташқари, болалар, айниқса, эмизикли гўдакларда резаворлар истеъмолини чеклаш тавсия этилади. Агар заҳарланиш белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Бу ҳолатга юзаки қараш мумкин эмас, ўзини ўзи даволаш қатъиян ман этилади.