Тошкент шаҳри ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси пайшанба куни видеоролик эълон қилди, унда пиёдаларга «тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтиш вақтида ўнг ёки чап қўлларини баланд қилиб кўтариб», автомашиналар тўхтаганига ишонч ҳосил қилгач, кўчани кесиб ўтиш тавсия этилади.

Видеода ёш болали ота-оналар, мактаб ўқувчилари қўлларини камера олдида кўтаргани, сўнг беш қаторли йўлни кесиб ёки югуриб ўтгани кўрсатилган — аммо бу фақат биринчи йўналиш. Нариги томонда улар яна шунча қаторли йўлни кесиб ўтиши керак — видеода эса бу жараён ёритилмаган.

Видеороликдан кадр.Видеороликдан кадр.

Видео Кичик ҳалқа йўлининг 700 метрли қисмида иккита пиёдалар ўтиш жойи мавжуд бўлган Чилонзор туманида (харитада панорама) суратга олинган. Улардан бири яқинда тартибга солинди, бошқа бир худди шундай ўтиш жойида эса номаълум сабабларга кўра светофорлар қўйилмади.

Маҳаллий аҳоли бу ерда кўчани кесиб ўтиш хавфли эканини тасдиқламоқда — машиналар оқими узоқ вақт тўхтамаслиги мумкин ва йўл қаторларида ҳаракат тўхтаб турган бўлса ҳам, ҳар доим улардаги бирор машина шошилиб ўтишга қарор қилиши хавфи мавжуд. Бу ўтиш жойларидаги пиёдалар билан тўқнашувлар айнан шундай содир бўлади ва ЙҲХБ буни ҳаммадан яхши билади.

Видеороликдан кадр.Видеороликдан кадр.

Ҳайдовчилар ва пиёдаларни «маданият»га чақириш, йўлларда ҳурмат ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш бўйича кўп йиллик муваффақиятсиз тажриба бу чақириқлар иш бермаслигини кўрсатган бўлиши керак эди. Бироқ ЙҲХХ бошқармалари буни давом эттирмоқда. Бундан ташқари, аниқки, видео муҳокама қилинади ва унутилади (мунтазам нашр этиладиган кўплаб резонансли янгиликлар сингари), кўча эса йўлнинг барча қатнашчилари учун хавфлилигича қолаверади.

Пойтахт ЙҲХБ ходимларининг бу чақириғи пиёдалар кўчани қўлларини кўтариб ўтишга ундалган биринчи ҳолат эмас. Ўтган йили Хоразм вилояти ЙҲХБ номи айтилмаган мамлакатларнинг «илғор» тажрибасини мисол қилиб, болаларга йўлни қўлларини кўтарган ҳолда кесиб ўтишни, кейин эса миннатдорлик белгиси сифатида ҳайдовчиларга таъзим қилишни таклиф қилган эди. Худди шундай ташаббус Жиззах вилояти ЙҲХБ томонидан ҳам илгари сурилган.

Жиззах вилояти ЙҲХБ видеосидан кадр.Жиззах вилояти ЙҲХБ видеосидан кадр.

Йўлдан хавфсиз тарзда ўтиб олишнинг рецептлари аниқланганига анча бўлди. Йўқ, бу ерости ва ерусти ўтиш йўллари эмас. Кўп қаторли кўчаларда тартибга солинмаган ўтиш жойлари ҳам шунчаки мавжуд бўлмаслиги керак. Йўқ, гап «зебра»ни қорага бўяш ҳақида кетмаяпти. Бундай жойларда албатта светофорлар бўлиши керак.

Шаҳардаги тартибга солинмаган чорраҳаларга светофор ўрнатишни ўтган йили бошлаган ЙҲХБ бу ишни ҳали ҳам охирига етказмади. Қаерлардадир светофорлар пайдо бўлди, аммо ишламайди. Бошқа жойда эса, муҳокама қилаётганимиз мисолда бўлгани каби, улар битта ўтиш жойида мавжуд, аммо кейинги, айнан бир хил ўтиш жойида эса йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев бир йил аввал «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаганди, унга кўра, аҳоли гавжум ҳудудлардаги кўчалар бўйлаб ҳар бир йўналишининг қаторлари кенглиги икки ва ундан ортиқ бўлган йўлларда тартибга солинмаган барча пиёдалар ўтиш жойлари босқичма-босқич тугмачалар ёрдамида бошқариладиган светофорлар билан жиҳозланиши лозим.

Пойтахтдаги кўплаб чорраҳаларда светофорлар ўлимга олиб келадиган бахтсиз ҳодисалардан кейингина пайдо бўлади. Наҳотки оддий нарсани тушуниш учун трагедияларни кутишимиз шарт? ЙҲХБ ўз видеоси билан пиёдалар хавфсизлиги учун жавобгарликни шунчаки уларнинг ўзига юклаб қўйяпти ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлай олмаслигини тан оляпти.

Ўзбекистон кўчалари расмийлар улар қўллаётган усуллар эскирганини ва тўлиқ реконструкцияга муҳтожлигини тан олгандагина хавфсиз бўлади.

Биз ЙҲХХ бошқармаларининг ғалати видеолари ва хабарлари ҳақида мунтазам ёзиб келамиз — улар қуйидаги ҳаволаларда.