Таиланд конституциявий суди бош вазир Сеттҳа Тҳависинни ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганликда айбдор деб топди ва уни лавозимидан четлатди, деб хабар беради Bangkok Post.

Бир йилдан камроқ вақт давомида шу лавозимда ишлаётган сиёсатчи гарчи бу унинг кутилмаларини оқламаган бўлса ҳам, суд қарорини ҳурмат қилишини айтди.

Тҳависинни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарор тўққиз нафар судьянинг овози билан қабул қилинди — 5 нафари маъқуллади, 4 нафари қарши чиқди. Таиланд парламентининг 40 нафар собиқ сенаторидан иборат гуруҳ собиқ бош вазир устидан шикоят қилганди. Улар уни вазирлар маҳкамаси аъзоларининг ахлоқ кодексини бузганликда айблаган, уларга кўра, баҳорда Тҳависин бош вазир идораси вазири этиб 2008 йилда коррупция иши бўйича олти ойга қамалган адвокат Пичит Чуэнбанни тайинлаган.

Тергов маълумотларига кўра, Чуэнбан икки ҳамкасби билан бирга Олий суд ходимларининг тушлик қутисига 2 миллион бат (тахминан 57 минг доллар) солиб, уларга пора бермоқчи бўлган. Учаласи ҳам Таиланд собиқ бош вазири Таксин Чинават ва унинг рафиқаси манфаатларини ифодалаган.

Чуэнбан тайинланганидан уч ҳафта ўтиб истеъфога чиқди, бу Тҳависинни ҳуқуқий муаммолардан халос этишга уриниш сифатида кўрилди, дея таъкидлайди нашр. Собиқ бош вазирнинг айтишича, у тадбиркор бўлгани учун вазирлик лавозимларига тайинловни тартибга солувчи барча қоидалар билан яхши таниш эмас. Бироқ суд Чуэнбан иши яхшигина маълум бўлгани сабабли бу баҳона эмас, деб ҳисоблади.

Парламент янги бош вазирни сайлагунга қадар унинг вазифаларини бош вазир ўринбосари Пумтам Вечаячай бажаради, дея аниқлик киритади Bangkok Post. Бош вазир билан бирга унинг кабинети ҳам истеъфога чиқади.

  • Сеттҳа Тҳависин — Таиландлик кўчмас мулк миллиардери. У ҳукмрон Пҳуа Тай партияси томонидан бош вазир лавозимига кўрсатилган (партияга собиқ бош вазир Таксин Чинават асос солган, ҳозир эса унга қизи Паэтонгтан Чинават раҳбарлик қилади). Қироллик парламенти 2023 йил августида Тҳависин номзодини тасдиқлаган. Сўнгги 16 йил ичида Тҳависин Таиланднинг суд қарори билан лавозимидан четлатилган тўртинчи бош вазири бўлди.
  • Ўтган ҳафта Таиланд конституциявий суди мамлакатдаги энг машҳур «Олдинга ҳаракат» (Move Forward) партиясини ҳам тарқатиб юборди. Партия 2023 йилги сайловларда ғалаба қозонган, раҳбари Пита Лимжароэнрат эса бош вазир бўлишга тайёрлигини айтганди. Сенат аъзолари унинг номзодини тасдиқлашдан бош тортди ва шу тариқа «Олдинга ҳаракат» ҳукумат туза олмади. Сайлов комиссияси «Олдинга ҳаракат» устидан конституциявий судга даъво қилиб, партияни қирол оиласига туҳмат тўғрисидаги қонунни ўзгартириш ҳақидаги таклифи орқали конституциявий монархияни ағдаришга уринишда айблади. Суд даъвогарлар томонида бўлди ва Лимжароэнратга 10 йил давомида сиёсат билан шуғулланишни тақиқлади.