Сенаторлар Тошкент шаҳридаги ерусти пиёдалар ўтиш жойларига лифт ва эскалаторлар ўрнатиш масаласини муҳокама қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сенат раиси Танзила Нарбаева 20 декабрь куни парламент юқори палатаси мажлисида Тошкент шаҳрининг қатор кўчаларида қурилган кўприкларда (ерусти пиёдалар ўтиш жойлари назарда тутилмоқда) лифт ва эскалаторлар ишламаётгани, бу эса пиёдалар ҳаётини хавф остига қўяётганини таъкидлаганди.

ерусти пиёдалар ўтиш жойлари, пиёдалар ерусти йўли, сенат, шаҳарсозлик

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаровнинг маълум қилишича, январь ойидаги ўша йиғилишдан сўнг ҳокимликка лифт ва эскалаторларни таъмирлаш бўйича кўрсатма берилган. Шундан кейин, 21 февраль куни барча лифт ва эскалаторлар таъмирланиб, ишга туширилган, ҳозирда улар соат 8:00 дан 20:00 гача ишламоқда.

Куни кеча мутахассислар айтилган чорраҳаларни яна бир бор текшириб, Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасидаги пиёдалар ерусти ўтиш йўлагида ўрнатилган тўртта эскалатордан учтаси ишламаётганини аниқлаган.

Толибжон Мадумаровнинг айтишича, аксарият ҳолларда лифт ва эскалаторнинг бузилишига «айрим ёшлар, мактаб ўқувчилари ва бошқаларнинг қурилманинг авариявий тўхташ тугмачасини босиб кетиши ёки тугмаларни меъёридан ортиқ босиб туриши» сабаб бўлади.

Сенат қўмитасининг сўровига асосан, шаҳар ҳокимлиги томонидан пиёдалар ерусти ўтиш йўлагида ўрнатилмаган 10 та лифт ва 6 та эскалаторни, Муқимий ва Лутфий кўчаси кесишмасидаги 2 та ҳамда Шота Руставели кўчасидаги 1 та ерусти ўтиш йўлакларига ўрнатиш, тез-тез бузилиб қолаётган лифт ва эскалаторларни таъмирлаш Тошкент шаҳри Сунъий иншоотлардан фойдаланиш, ободонлаштириш, уларни сақлаш ва таъмирлашга ихтисослаштирилган бошқарманинг 2024 йилги дастурига киритилган.

Мазкур ишларни молиялаштириш масаласи халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

ерусти пиёдалар ўтиш жойлари, пиёдалар ерусти йўли, сенат, шаҳарсозлик

Тошкент шаҳри ҳокимининг қурилиш ва молия-иқтисод ишлари ҳамда камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров 10 та лифт ва 6 та эскалатор ўрнатиш бўйича ишларни «молиялаштириш масаласи босқичма-босқич кўриб чиқилишини» маълум қилди.

31 июль кун халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши пойтахтда 20 та ерусти ўтиш жойини қуриш учун 107,2 млрд сўм (8,5 млн доллардан ортиқ) маблағ ажратишни маъқуллаганди. Ўтиш жойлари манзиллари кўрсатилмаган ва шу сабабли жамоатчилик ва экспертлар қарорнинг асослилигига хавотир билдирганди.

Пиёдалар ўтиш жойлари билан нима нотўғри?

Ерусти ва ерости ўтиш жойлари ҳақиқатан ҳам хавфни олдини олиш мумкин бўлмаган жойларда керак бўлиши мумкин. Бундай жойларга темир йўл участкалари, шаҳарлар четидаги ҳалқа йўллари ва шаҳар ташқарисидаги трассалар киради. Шу билан бирга, ўтиш жойлари пиёдалар фойдаланиши учун имкон қадар қулай бўлиши керак. Бироқ бунга мисол сифатида сўнгги йилларда қурилган аксарият ўтиш жойлари, жумладан, Тошкент шаҳрининг марказий қисмидаги ерусти ўтиш жойларини айтиб бўлмайди.

2019 йилда «Газета.uz» пиёдалар кўприклари қандай қилиб шаҳарни янада хавфли қилиши ва одамларни йўл ҳаракати қоидаларини бузувчига айлантириб, ҳаётини хавф остига қўйишга мажбурлаши ҳақида ёзганди (мақола рус тилида).

Ўтган йилнинг декабрь ойида эса «НОқулай шаҳар» лойиҳасида фуқаролар учун кўплаб ноқулайликлар туғдираётган бундай ўтиш жойлари ҳақида репортаж эълон қилинганди.

Шаҳарсозлик бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, йўл ўтказгичлар фақатгина ҳаракатчанлиги чекланган одамлар учун ноқулай эмас. Ёш ва соғлом пиёдалар ҳам вақт ва кучни тежаш учун кўприкка чиқмай йўлни кесиб ўтишади, айниқса зинадан кўтарилиш ва тушиш ҳамда бурилишлар масофани сезиларли даражада узайтиради. Одатда, тўсиқлар одамларни тўхтатиб қололмайди. Бу юқоридаги видеолавҳада яхши кўрсатилган.

Ҳайдовчилар йўл ўтказгичга яқинлашганда тезликни пасайтирмайди, чунки у ерда пиёдалар пайдо бўлишини кутишмайди. Бу эса йўл ўтказгичлар яқинидаги ҳудудларни хавфли ҳудудларга айлантиради. Тошкентда бундай жойларда бахтсиз ҳодисалар бир неча бор содир бўлган.

Россиялик урбанист Аркадий Гершман 2018 йилда Муқимий ва Лутфий кўчалари чорраҳасида (бу ерда ҳам самарасиз йўл ўтказгич мавжуд) транспорт ҳаракатини ташкил этиш усулини таклиф қилганди, бунда пиёдалар ўз ҳаётини хавф остига қўймасдан кўчани кесиб ўтишлари мумкинлиги кўрсатилган.

Сўнгги йилларда Тошкентдаги кўплаб тартибга солинмаган чорраҳаларда ниҳоят светофорлар пайдо бўла бошлади, баъзи ерости ўтиш жойлари эса ер юзидаги зебра ўтиш жойлари сифатида икки баравар кўпайтирила бошланди (Халқлар дўстлиги майдони, Чорсу майдони, Бешёғоч майдони — аммо охирги ҳолатда ердан ўтиш жойи панжаралар билан тўсиб қўйилди). Бу иш давом этадими ёки йўқми — номаълум.