Март ойида Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги сайилда газ портлаши оқибатида салкам 40 киши жароҳатлангани ҳақида ёзгандик. 9 июль куни Жиноят ишлари бўйича Кўкдала тумани судида мазкур ҳолат юзасидан ҳукм ўқилди, «Газетa.uz» ҳужжат билан танишиб чиқди.

Гап шундаки, 22 ёшли Б.Ш. (эркак) 18 март куни Кўкдала тумани Тўқмор МФЙда ўтказилаётган Наврўз байрамига балиқ пишириб сотиш учун борган. 27 литрли газ баллонига газ плитасини ўрнатиб, фойдаланишни бошлаган вақтда профилактика инспектори ундан баллонни аҳоли тўпланиб турган худуддан четроққа олиш ёки ерга кўмишни сўраган. Лекин бу сўров бажарилмаган. Соат 12:00 атрофида газ баллони портлаган.

»газ

Оқибатда сайилга бувиси билан борган А.Р. (аёл) юз, бўйин, кўкрак, олд қорин, иккала елка, билак, кафт, панжа, сон, болдир ва тизза соҳаларидан 80% куйиш кўринишидаги жароҳатларни олиб, орадан бир ойдан кўпроқ ўтгач — 25 апрель куни вафот этган.

Бундан ташқари, портлаш оқибатида 7 киши куйиб, ўртача оғир, яна 7 киши эса оғир тан жароҳати олган.

Бу ҳаракатлари орқали Б.Ш. Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми (Эҳтиётсизлик орқасидаy одам ўлдириш / 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ва 111-моддаси 3-қисмида (Эҳтиётсизлик орқасидан 2 ёки ундан ортиқ шахс баданига ўртача оғир ёки баданга оғир шикаст етказиш / БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари билан) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Судда 3 нафар жабрланувчи Б.Ш.га даъвоси йўқлигини айтиб, унга енгиллик беришни сўраган бўлса, айримлар жароҳатлар учун қилинган харажатлар қопланса, унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди. Баъзи жабрланувчилар эса қонуний чора кўришни сўраш билан чекланди.

Ҳукмга кўра, йигитга 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди. Жазо манзил тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.