Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Конституциявий қонунни муҳокама қилинди (видео).

Маруза қилувчи Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шухрат Чўллиев қайд этишича, қонун Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришни назарда тутади ва Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодиёт, бюджет, молия, солиқ, ижтимоий соҳа, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатларини аниқ белгилаб қўймоқда.

«Вазирлар Маҳкамаси, унинг мақоми, уни шакллантириш ва фаолиятини тартибга солиш масалалари бевосита Конституцияда белгиланган нормаларга асосланади ҳамда мазкур қонуннинг асосий қоидалари ушбу нормалардан келиб чиққан. Шу билан бирга, Россия, Қозоғистон ва бошқа МДҲ давлатлари қонунчилик тажрибасида барча давлат ҳокимияти олий органлари мақомини белгиловчи қонунлар Конституциявий қонун сифатида юритилиши белгиланган», — дейди Чўллиев.

Сенатор, шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун Конституциявий қонун шаклида қабул қилиниши таклиф этаётганини қайд этди. Қонун қуйидаги бир қатор янги нормаларни ўз ичига олади.

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятини Ўзбекистон президенти томонидан белгиланадиган асосий йўналишлари доирасида амалга ошириши белгиланмоқда. Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва вазирлар ҳар йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мамлакат ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ҳисобот тақдим этиши кўзда тутилмоқда.

Иккинчидан, янги Конституциядан келиб чиқиб, Ҳукуматнинг иқтисодиёт, бюджет, молия ва солиқ, ижтимоий соҳа, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлаш, мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, таълим сифатини ошириш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида нодавлат таълим ташкилотларини ривожлантириш чораларини кўради.

Шу билан бирга, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, республикага қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириши назарда тутилмоқда.

Учинчидан, Бош вазир ўринбосарларининг вазифалари кенгайтирилмоқда. Хусусан, бош вазир ўринбосарлари:

  • тегишли соҳалар ва тармоқлар бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар)га эришилишини таъминлайди;
  • бириктирилган вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш ва натижадорликка йўналтиради;
  • вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро мувофиқлаштирилган фаолиятини таъминлайди.

Тўртинчидан, вазирларнинг турли йўналишлар бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Жумладан, ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликда ишни самарали ташкил этиш, бириктирилган соҳа ва тармоқларда ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориш, уни ривожлантириш бўйича натижа ва оқибатлар учун шахсан жавобгар бўлади.

Бешинчидан, қўмита, инспекция ва агентликлар раҳбарларини ва уларнинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилишнинг аниқ ва ягона тартиби белгиланмоқда.

Қўмита, инспекция ва агентликлар раҳбарлари Ўзбекистон президенти томонидан, уларнинг ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Олтинчидан, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ташкилий тузилмаси, штат бирликлари ва раҳбар ўринбосарлари сони, фаолият йўналишлари президент томонидан белгиланиши назарда тутилмоқда.

Еттинчидан, бош вазир котибияти, бош вазир ўринбосарлари котибиятлари вазифалари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланмоқда.

Саккизинчидан, бош вазир котибияти раҳбари ва бош вазир маслаҳатчиси президент томонидан, бош вазир котибияти раҳбари ўринбосарлари, Ваколатли вакил ва бош вазир ўринбосарлари котибиятлари раҳбарлари президент билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланиши белгиланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.