Миробод тумани судида 15 август куни собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга оид жиноят ишини битта иш юритувига бирлаштириш юзасидан дастлабки эшитув ўтказилди ва унинг натижаси бўйича иккита жиноят иши битта иш юритувига бирлаштирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Гап собиқ вазир ҳамда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг иш юритувида бўлган Ҳусниддин Каримов (Қишлок хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган) ва бошқаларга оид жиноят ишларини битта иш юритувига бирлаштириш ҳақида кетмоқда.

Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни 5 сентябрь соат 15:00 да жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди биносида бошланади.

Тергов органининг айблов хулосасига кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг:

  • 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)
  • 168- (Фирибгарлик)
  • 184- (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш)
  • 185−2- (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш)
  • 189- (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш)
  • 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)
  • 206- (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш)
  • 28,209- (Жиноят иштирокчиларининг турлари, Мансаб сохтакорлиги)
  • 209- (Мансаб сохтакорлиги)
  • 211- (Пора бериш)
  • 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш)
  • 243- (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари бўйича айбланмоқда.

29 нафар судланувчига нисбатан қамоққа олиш, 15 нафарига гаров ва 6 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири 2023 йилнинг декабрида ҳибсга олинган. Октябрь ойи охирида у ишдан бўшатилганидан сўнг Ҳисоб палатаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида текширув ўтказган.

Воитов 2022 йил августидан 2023 йил октябрига қадар қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган (унинг ўрнини Иброҳим Абдураҳмонов эгаллаган). Бунгача, 2020 йилнинг март ойидан бошлаб у Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.