14 август куни Россияда ота-она қарамоғисиз қолган бир гуруҳ Ўзбекистон болалари ватанга қайтарилди, дея хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, бош консулхона кўмагида Новосибирск, Иркутск, Красноярск ва Владивосток шаҳарларида қаровсиз қолган 14 ёшгача бўлган 8 нафар бола Сибир пойтахтига тўпланган.

Консулхона Россия томонидан зарур ҳужжатларни имкон қадар тезроқ олиш учун барча имкониятларни ишга солган ва болаларни иссиқ овқат билан таъминлаган.

Айни пайтда ота-онаси турли сабабларга кўра уларнинг тарбиясида иштирок эта олмаган болалар Ўзбекистонга соғ-саломат етиб келган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вояга етмаганлар марказларида яшаётган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Улар ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилиши керак.