Сенатнинг 55-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Қонун 25 июнь куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинганди.

Сенатор қонун ҳақида Фарахат Саъдуллаева маруза қилди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар ва киритилмоқда. Қонун 4 та моддадан иборат бўлиб, унда қуйидагилар назарда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни янги норма билан тўлдирилмоқда.

«Хусусан, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз боласини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Мазкур норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида белгиланган қоидаларга тўла мувофиқ келади. Бу масалада ҳам айрим нотўғри талқин қилишлар бўлганди, Қонунчилик палатаси аниқ қилиб, ота-онанинг ўзи боласига диний тарбия ва диний аҳлоқ бўйича ўз қарашларидан келиб чиқиб сабоқ бериш ҳуқуқи кафолати алоҳида белгилаб берилибди. Бу жуда тўғри қилинган, деб ҳисоблаймиз», — деди Фарахат Саъдуллаева.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) қўшимча бандлар билан тўлдирилмоқда.

Яъни ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинланади.

Сенат қонунни маъқуллади ва президент имзолаши учун юборди.