Олий Мажлис Сенати ички ишлар органлари ходимларининг иш фаолиятига оид фото ва видеолавҳаларни «обрўсизлантириш мақсадида» интернет тармоғида эълон қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонунни маъқулламади. Ҳужжат ўтган йили кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонунни, айниқса, жарима баллари ва «ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида» видеолавҳалар эълон қилишни тақиқлаш бўйича нормаларни такомиллаштириш зарурлигини айтди.

Унинг айтишича, қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссияси тузилади.

Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатаси юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Сенатда келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги ташаббус Сенат раисидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисмини ташкил этувчи сенаторлардан чиқиши мумкин.

Келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан тасдиқланади. Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан сайланган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссия ҳамраисларини сайлайдилар.

Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади.

Агар Сенат қонунни келишув комиссияси томонидан киритилган тузатишларни маъқулламаса, у рад этилган деб Қонунчилик палатасига қайтарилиши керак.

Қонун нима ҳақида эди?

Муҳокамага сабаб бўлган қонун «мамлакатда содир этилаётган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солишга мақсадида» тайёрланган. Қонуннинг биринчи қисмида ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларига доир бир қатор жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган.

Хусусан, қонун орқали 2018 йилдан буён жорий этилиши кутилаётган жарима баллари тизими ҳам ниҳоят ишга туширилиши кутилаётганди. Аммо Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган мазкур қонуннинг иккинчи қисмига жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган «обрўсизлантириш» нормаси ҳам қўшиб кетилди.

Ушбу нормага кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (17 млн сўм) миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев қонуннинг иккинчи қисмида таклиф этилган норма мамлакатдаги очиқлик сиёсатига, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» тамойилига зид эканини таъкидлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини қайд этиб ўтган эди.

Шунингдек, у қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарлик учун моддалар аллақачон мавжудлигини билдириб ўтган.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси 11 январь куни қонун лойиҳаси муҳокамасини ташкил этган. Журналистлар қонуннинг суиистеъмол қилиниш хавфи борлигини кўрсатиб, мазкур қоидага қарши чиққан. Сенатор ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари ушбу тузатишнинг аҳамиятини оқлашга ҳаракат қилган.

Кўплаб жамоатчилик вакиллари қонундаги айнан ушбу нормага эътироз билдириб, қолган қисмига эътироз йўқ эканини таъкидлади.

«Маст ҳолда машина ҳайдаганларга жавобгарлик кучайтирилиши ҳам, жарима балларининг қўлланилиши ҳам, автомактаб билан боғлиқ қисмларини ҳам — ҳаммаси зўр, бу кутилган қонун ва уни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо асосий эътироз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини видео ёки фотосуратга олиб, интернетга жойлаганлик учун маъмурий қамоқ даражасигача бўлган жавобгарликни белгилаш ҳақидаги қисмига эди. Умуман масаланинг моҳияти шу эди. Ҳозир неча нафар одам ўлгани, ҳайдовчиларни тарбиялашимиз кераклиги, аҳвол чатоқлиги ҳақида гапиряпмизда, худдики шу билан мана шу моддани хаспўшлаётгандек бўлиб қоляпмиз», — деди, хусусан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев 11 январдаги йиғилишда.

Қонунчилик палатаси бу ҳужжатни 2023 йил 28 ноябрь куни қабул қилганди.