Футзал бўйича Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати ўйинларига чипталарни онлайн харид қилиш ва кириш жойида текширтириш учун futsal2024.uz сайти яратилди.

Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда сервисни ишлаб чиқувчилардан бири Uzinfocom компанияси хабар берди.

«Futsal2024 платформаси интернет орқали чипталарни қулай ва осон харид қилиш имкониятини беради, қулай интерфейс билан таъминланган, ўйинларни ва ареналардаги жойларни осон танлаш, турли тўлов тизимлари орқали тўловни амалга ошириш имконини яратади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, платформанинг хавфсизлиги ва шаффофлиги «ноёб QR-кодлар ва арена хавфсизлик тизимлари билан интегратсияланади».

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёда илк бор ўтадиган ФИФА шафелигидаги мусобақада дунёнинг энг кучли 24 терма жамоаси футзал бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради. Тарихда 10-бор ташкил этилаётган ўйин 14 сентябрдан 6 октябргача давом этади.

Беллашувларга Ўзбекистоннинг уч шаҳри — Тошкент, Бухоро ва Андижон мезбонлик қилади. Регистон майдонида футзал бўйича Жаҳон чемпионати-2024 турнири гуруҳ босқичига ташланган қуръага кўра, Ўзбекистон «А» гуруҳидан жой олган, жамоага Нидерландия, Парагвай ва Коста-Рика рақиблик қилади.

Аввалроқ, чемпионатга чиптаси бор мухлислар темирйўлдан 50 фоизли чегирма билан фойдаланиши хабар қилинганди. Шунингдек, улар учун жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.