Қозоғистон Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига риоя қилиш масаласида янги йўналишни давом эттирмоқда ва ўз иқтисодий манфаатларини биринчи ўринга қўйиш ниятида. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин Bloomberg агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Жумангариннинг сўзларига кўра, Қозоғистон ўз ҳудудларида асосий иш берувчи бўлган маҳаллий компанияларга таъсир қиладиган бўлса, «санкцияларга кўр-кўрона эргашмайди». «Биз ўз ишлаб чиқарувчиларимиз савдодан тўхтатилишига йўл қўймаймиз», — деди у.

Bloomberg’нинг таъкидлашича, бу Қозоғистоннинг асосий ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун жаҳон бозорларига чиқиш йўлидаги «маневрларини» акс эттирувчи «риторикадаги кескин ўзгариш». Мамлакат 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқини муносабати билан Россияга нисбатан жорий этилган Ғарб санкцияларига қўшилмаган бўлса-да, унинг Жумангарин каби юқори мартабали амалдорлари илгари бу чекловларга очиқчасига эътироз билдирмаганди, деб ёзади агентлик.

Шу билан бирга, Жумангарин мамлакат иккинчи даражали санкциялар остида «қолмаслиги» учун Қозоғистон истисно қилиши мумкинлигини, мамлакат барибир қоидаларга риоя қилишини айтди. АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкциялар рўйхатига киритилган маҳаллий компаниялар ёпилиш жараёнида, дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.

Шу билан бирга, Жумангариннинг таъкидлашича, Россиянинг товарларга киришини чеклашга қаратилган айрим чора-тадбирлар Қозоғистонга номутаносиб равишда зарар етказган. Ғарб ҳукуматлари эса урушдан олдин Россияни ўзининг энг йирик савдо шериги деб ҳисоблаган Қозоғистоннинг харажатларини қоплаш учун кўп нарса қилмади, дейди у.

Жумангарин 40 фоиз улуши Қозоғистонга тегишли бўлган ва Россияга темир рудаси етказиб бериш тақиқланганидан катта зарар кўраётган тоғ-кон Eurasian Resources Group компаниясини мисол қилиб келтирди. Россия мижози маҳаллий етказиб берувчилар билан савдо қилишга ўтди. «Агар чекловлар бўлмаганида, фойда Қозоғистонда қолар эди. Аксинча, энди у сиз кимга қарши санкциялар қўйган бўлсангиз, ўшаларга тушмоқда», — деди сиёсатчи.

Ҳозир Қозоғистон олдида Россияга қарши қўйилган чекловларни бузмаган ҳолда изоляциядан чиқиш учун рақобатдош устуворликларни мувозанатлаш вазифаси турибди, деди бош вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, санкциялар Европа билан савдо логистикасини мураккаблаштириб, Қозоғистонни Каспий денгизи орқали, кейин эса Грузия орқали айланма йўлдан боришга мажбур қилмоқда. Россия орқали юк ташиш энди яроқсиз, чунки унинг портлари ички юклар билан тиқилиб қолган.

Мамлакат ҳукумати, Жумангариннинг сўзларига кўра, Қозоғистонга Эронга маҳсулот сотиш ёки мамлакатдан транзит учун фойдаланиш имконини берадиган имтиёзлар сўраб Ғарб давлатларига мурожаат қилган, аммо ҳеч қандай натижа бермаган.

«Ҳар сафар биз савдолашишга мажбур бўламиз. Аммо мамлакат сифатида қандайдир тарзда яшашимиз зарур», — дейди у.

  • Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2023 йил сентябрида Германияга ташрифи чоғида мамлакат Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига сўзсиз амал қилишини айтган эди.