Украина Россиянинг Курск вилоятидаги ўз назорати остида бўлган ҳудудда ҳарбий комендатура ташкил қилди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари (УҚК) бош қўмондони Александр Сирский 15 август куни бўлиб ўтган штаб йиғилишида президент Владимир Зеленскийга маълум қилди.

«Назоратдаги ҳудудларда тартибни сақлаш ва аҳолининг устувор эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳарбий комендатура ташкил этилди», — деди Сирский (иқтибос «Украинская правда»дан).

Сирский, шунингдек, УҚК 82 та аҳоли пункти ва 1150 кв. км. майдонни назорат қилаётганини айтди.

«Умумий ҳисобда, Курск вилоятида операция бошланганидан бери қўшинларимиз 35 километр ичкарига кирди», — деди у.

Россия Мудофаа вазирлиги 15 август кунги ҳисоботида РФ армияси Курск вилоятидаги Крупец қишлоғи устидан назоратни тиклагани, шунингдек, Варваровка, Сафоновка, Шептуховка, Каучук, Алексеевский ва Матвеевка туманларида УҚКнинг ҳужумларини қайтарганини маълум қилди.

  • УҚК 6 август куни Курск вилоятининг Суджа туманига ҳужум бошлади. Россия Мудофаа вазирлиги УҚКнинг олдинга силжиши тўхтатилганини маълум қилди, аммо россиялик ҳарбий мавзудаги блогерларнинг фикрича, у давом этмоқда. The Washington Post нашрининг ёзишича, операцияда Украинанинг бир неча механизациялашган ва ҳужумкор бўлинмалари иштирок этаётган бўлиши мумкин.
  • The Economist Украинанинг Россиянинг Курск вилоятидаги операциясининг якуний мақсади ҳамон ноаниқ қолаётгани, бироқ минимал вазифа, афтидан, Россия қўшинларини Харьков ва Донецк вилоятларидаги фронт секторларидан олиб чиқиб кетиш бўлганини ёзди.
  • Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина Россиянинг чегарадош вилоятларида, жумладан, Курскда «хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилаётгани» ва «ушбу ҳудудларни босиб олишдан манфаатдор эмаслигини» айтди. «У Россиянинг кўплаб ҳарбий объектларини амалда йўқ қилиш, Россия қўшинларининг қолдиқларини Украина ҳудудига артиллерия ва баллистик ракета зарбалари беришга имкон берадиган чегарадан ташқарига чиқариш, Украина чегаралари атрофида хавфсизлик камари шакллантириш ва ҳарбий логистика ва инфратузилмани (шу жумладан, сақлаш базалари, машғулот марказлари, ускуналарни жамлаш жойлари) йўқ қилишдан манфаатдор», — деб ёзди Подоляк Х ижтимоий тармоғида.