Йил бошидан буён Ўзбекистонга мазут импорти икки баробар ошди. Бу ҳақда Божхона қўмитасининг «Газета.uz» ўрганган маълумотларидан келиб чиқади.

Январь-июль ойларида 843,64 минг тонна мазут олиб келинди, бу ўтган йилнинг шу даврига (416,5 минг тонна) нисбатан 427,1 минг тоннага кўп.

Жорий йил январида импорт ўтган йилникига нисбатан 10,2 баробар кам бўлди — 8,5 минг тонна. Шу билан бирга, июнда олиб келиш 22 марта (2023 йил июнига нисбатан) — 5,6 минг тоннадан 123,5 минг тоннагача, июлда эса — 4,75 минг тоннадан 934,7 минг тоннагача (19,6 марта) ошди.

Бу Ўзбекистон газ қазиб олиш (электр энергияси ишлаб чиқариш учун асосий ёқилғи) камайиб бораётгани фонида электр энергиясини ишлаб чиқариш учун иссиқлик электр станцияларида кўпроқ мазут ишлата бошлаганини (ёки келаётган қиш учун захиралаганини) кўрсатиши мумкин. «Иссиқлик электр станциялари» матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ИЭСларда мазут қишда ишлатилади.

Ўтган йилнинг етти ойида олиб келиш қиймати 142,5 миллион долларни, жорий йил бошидан эса 334,9 миллион долларни (2,3 баробар кўп) ташкил этди.


Манба: Божхона қўмитасиМанба: Божхона қўмитасиЎзбекистонга суюқ, асосан, иссиқлик ёқилғиси импорти ҳам кескин ошди. Иситиш мойи (тим қора ва ёруғи) бурнерлар, маиший ва саноат иситиш қозонлари, шу жумладан, иссиқхоналар учун ишлатилади.

Январь-июлда 19 минг тонна ёнилғи етказиб берилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 баробар кўп.

Ҳажмнинг деярли 95 фоизи апрель ойига тўғри келди, ўшанда 17,9 минг тонна ёнилғи етказиб берилган.

Бу даврдаги олиб келиш қиймати 7,2 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг январь-июль ойларида бу миқдор 1,16 миллион долларга етганди.

Ўтган йили Ўзбекистон мазутни ҳар кг учун 64−73 центдан сотиб олган бўлса, бу йил 45−50 фоиз арзонга — 35−37 центдан (импорт нархи 65,8 центдан бўлган январь ойидан ташқари) олди.

Жорий йилнинг январида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини тезда нормал ҳолатга келтириш чораларини таклиф қилган эди. Пойтахтда ишлаётган иссиқлик пунктларида мазутдан захира ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқлангани шулар жумласидандир.

Ўшанда таъкидланишича, куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига ҳамда аҳолини эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, декабрь ойида Тошкент шаҳридаги олти иссиқлик марказларининг тўққизта қозонхонасида 3 минг тонна мазутдан фойдаланилган.

Мазут оғир нефть ёқилғиси деб аталади, у ўзида нефтни дистиллаш пайтида олинган қолдиқни, унинг иккиламчи маҳсулотларини ва газ конденсатини жамлайди.