Uzbekistan Airways’нинг Малайзияга учган рейсида ўғриликка уриниш содир бўлди, деб хабар бермоқда авиакомпания матбуот хизмати.

15 август Тошкент-Куала-Лумпур йўналиши бўйича амалга оширилган авиақатновда йўловчиларнинг қимматбаҳо буюмлари ўғирланган. Самолёт Малайзияга етиб келгач, полиция чақирилган.

Экипаж ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан биргаликда ҳаво кемасини кўздан кечириш бўйича тегишли процедураларни амалга оширган ва жараёнда барча буюмлар топилган. Гумон қилинган чет эл фуқаролари эса шу жойнинг ўзида ушланиб, полиция хизматига олиб кетилган.

Uzbekistan Airways’нинг таъкидлашича, бунга ўхшаш ҳолатлар кўплаб авиакомпаниялар билан содир бўлади. Компания ҳам «бундай ҳодисаларга қарши қаттиқ курашни қўллаб-қувватлайди ва ушбу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва белгиланган мамлакатларнинг миграция хизматлари билан биргаликда иш олиб бормоқда», дейилади хабарда.

Авиакомпания йўловчиларнинг қўл юки учун жавобгар эмаслигини эслатди. У йўловчилар қимматбаҳо буюмлари ва пул маблағларини ўзида сақлаши, буюмларни ўриндиғи тепасига ёки остига жойлаштириши кераклигини қайд этди.