Самарқанд шаҳрида 26−30 август кунлари ЮНEСКО шафелигида «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтиши, бу йилги мусиқий тадбир Регистон майдонида эмас, балки «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасида ўтказилиши ҳақида ёзгандик.

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг 16 август куни АОКАдаги матбуот анжуманидан сўнг «Газета.uz» мухбирига маълум қилишича, фестиваль, анъанага мувофиқ, бу йил ҳам Регистон майдонида ўтказилади.

«Халқимиз орасида маданий мерос нуқтаи назаридан фестивалнинг Регистон майдонида ўтказилишига нисбатан кўп эътирозлар билдирилади. Шу сабабли ҳам бу сафар фестиваль бўлиб ўтадиган жойни ўзгартирмоқчи бўлдик. Лекин бу орқали шунча йиллик фестивалнинг нуфузи тушиб кетаркан, кўплаб хорижий давлатлардаги иштирокчилар бу йил «Шарқ тароналари»да қатнашиш фикридан ҳам қайтди. Чунки «Шарқ тароналари»нинг асл бренди бу — Регистон, фестивалнинг мазкур майдонда ўтказилиши ҳамма учун қизиқ. Экспертлар Регистон майдонини ўрганиб, ўзларининг талаблари ва хулосаларини берди. Уларнинг талаблари асосида жорий йилги фестивални Регистонда ўтказишга қарор қилдик», — деди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, жорий йил фестивалда дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 300 нафардан зиёд вакил: санъаткорлар, олимлар, соҳа мутахассислари қатнашиши кутилмоқда.

Тадбир дастурига асосан, фестивалнинг очилиш маросими 26 август куни бўлиб ўтади. 27−28 август кунлари «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. 27−29 август кунлари соат 19:00 да фестивалга ташриф буюрган иштирокчилар ўртасида кўрик-танлов ўтказилиб, халқаро ҳайъат томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари баҳоланади. 30 августда ёпилиш маросими бўлади ва ғолиблар тақдирланади.

Танлов низомига кўра, ғолиблар иккита йўналиш бўйича аниқланади, улар ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • «Гран-при» — 10 000 доллар (халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ, муносиб номзод топилмаганда «Гран-при» берилмайди);
  • I ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2×5000 — 10 000 доллар;
  • II ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2×3500 — 7000 доллар;
  • III ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 3×2000 — 6000 доллар.

Шунингдек, ташкилотчи, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотларнинг мустақил ҳайъат аъзолари ҳамда мухлислар эътирофига сазовор бўлган қатнашчилар «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» каби номинациялар бўйича махсус диплом ҳамда 500 доллар миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, 1997 йилдан буён Самарқандда ўтказиб келинаётган фестиваль охирги марта 2019 йилда бўлиб ўтганди. Вазирликнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, фестиваль COVID-19 пандемияси сабабли тўхтаб қолган.