Тармоқларда электр энергияси учун асоссиз қарздорлик ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Фойдаланувчилардан бири 17 июль куни электр энергияси учун 500 минг сўм тўлагани, 17 август куни эрталаб эса 483 минг сўм қарзи учун электр тармоғидан узилгани ҳақида хабар берган. Муаллифнинг эслатишича, 10 минг сўм қарз эвазига электр қуввати узилган.

Яна бир видеода блогер бошқа истеъмолчилар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, туман электр тармоқлари корхоналарига тушунтириш бериш учун мурожаат қилинганда, «бу ўтган йиллардаги қарзлар, тизим янгилангани сабабли маълумотлар сақланмаган» деган жавоб олинган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» компаниясининг хабар беришича, бу ҳолат август ойи бошида янги HET Billing дастурий комплекси ишга туширилгандан кейин юзага келган.

«Эски тизимдан истеъмолчиларнинг архив маълумотларини янги тизимга кўчиришда айрим истеъмолчилар шахсий ҳисобида ноаниқликлар келиб чиқмоқда. Бундай ноаниқликларни аниқланган ҳудудларда айни пайтда қўшимча мутахассислар ажратилган ҳолда масалага ойдинлик киритиш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

1 августдан Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисобга олишнинг янги биллинг тизими — HET Billing жорий этилган. Тўловлар ва электр энергияси истеъмоли ҳақидаги маълумотларга эга мобил илова ҳам ишга туширилган.

2023 йил сентябрь охирида президент энергетика соҳасида ислоҳотларнинг янги босқичи тўғрисидаги фармонни имзолаганди. «Ҳудудий электр тармоқлари»га 2024 йил охиригача электр энергиясини ҳисобга олишнинг янги биллинг тизимини яратиш топширилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда 2020 йил охиригача коммунал хизматлар учун ягона ҳисоб-китоб тизимини яратиш режалаштирилганди. 2021 йилда экспертлар ягона биллинг тизимини жорий этишдаги муаммоларни муҳокама қилган, бироқ у шу кунгача яратилмаганди.

Январь ойида президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда хорижий тажриба асосида уй-жой коммунал хизматларига ҳақ тўлаш тизимида ягона биллинг ҳисоб рақамини жорий этиш вақти келганини айтганди. Май ойида давлат раҳбарига бир вақтнинг ўзида 8 турдаги уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича Ягона коммунал хизматлар платформаси тақдим этилган.