Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Курск, Брянск ва Белгород вилоятларидаги вазиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистон фуқароларига «зарур эҳтиёт чораларини кўриш, алоҳида зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик, шунингдек, одамлар кўп тўпланадиган жойларга боришни чеклаш»ни тавсия қилди. Бу ҳақда дипломатик ваколатхонанинг мурожаатида айтилади.

«Иложи бўлса, ушбу ҳудудларда таҳсил олаётган талабаларга вақтинчалик масофавий таълим форматига (онлайн) ўтишни тавсия қиламиз», — дейилади мурожаатда.

Ўзбекистон фуқаролари консуллик ёрдами ёки маслаҳатларига муҳтож бўлган тақдирда, Москвадаги элчихонанинг консуллик бўлимининг Call-марказига қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилишлари мумкин : +7−499−238−36−20; +7−499−230−00−76. Электрон почта манзили: uzkorus@mail.ru.

6 август куни эрталаб Украина қўшинлари Россиянинг Курск вилоятига кириб, ҳудуд ичкарисига ўтганди. Расмий Киевнинг таъкидлашича, Украина Россиянинг чегара ҳудудларида «хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилмоқда» ва «бу ҳудудларни босиб олишдан манфаатдор эмас».