Ироқ парламенти шахсий мақом тўғрисидаги қонунга диний идораларга никоҳ масалаларини тартибга солиш имконини берувчи ва қизларнинг турмуш қуриш ёшини 9 ёшга туширувчи тузатишни биринчи ўқишда қабул қилди, дея хабар бермоқда Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти. Қонун лойиҳаси яна иккита ўқишдан ўтиши керак.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, агар тузатиш қабул қилинса, мамлакатдаги аёллар ва қизлар ҳуқуқлари учун «ҳалокатли оқибатларга» олиб келади.

«Ироқ парламентининг ушбу қонун лойиҳасини қабул қилиши ироқлик аёллар ва қизлар ҳамда улар жуда қаттиқ курашган ҳуқуқлар учун орқага ташланган ҳалокатли қадам бўлади… Болалар никоҳини расман қонунийлаштириш сон-саноқсиз қизларни келажаги ва фаровонлигидан маҳрум қилади. Қизлар тўй либосида эмас, мактабда ва ўйин майдончасида бўлиши керак», — дейди Human Rights Watch’нинг Ироқ бўйича тадқиқотчиси Сара Санбар.

Ироқ инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва фаоллари тузатишга қарши чиқди. Ироқнинг Бағдод ва яна бир қанча шаҳарларида намойишлар бўлиб ўтди, деб ёзади The Guardian. Қонун тарафдорлари, ўз навбатида, намойишчиларни «маънавий таназзулда» ва «Ғарб кун тартибига риоя қилишда» айблади.

HRW’нинг қайд этишича, Ироқ парламенти аллақачон 2014 ва 2017 йилларда шахсий мақом тўғрисидаги қонунга ўхшаш тузатишлар киритишни таклиф қилган, ҳар икки ҳолатда ҳам улар қабул қилинмаганди.

2021 йилдан бери Ироқ парламентидаги кўпчилик ўринларни шиаларни мувофиқлаштирувчи кучлар блоки эгаллаб келмоқда. Улар шариатга асосланган бир қанча қонунларни қабул қилган. Ҳозирги тузатиш ташаббуси ҳам уларга тегишли.

1959 йилда қабул қилинган жорий шахсий мақом қонунига кўра, Ироқда никоҳ ёши 18 ёшни ташкил қилади. Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига кўра, турмуш қураётган эр-хотинлар шахсий мақом тўғрисидаги қонун қоидаларига ёки ислом фиқҳ мактаблари қоидаларига риоя қилишни танлашлари мумкин. Тузатиш, хусусан, қизларга 9 ёшдан, ўғил болаларга 15 ёшдан турмуш қуришга рухсат берувчи жаъфарийлар мактаби тамойилларига асосланади, дея аниқлик киритади The National.

  • HRW’нинг таъкидлашича, сўнгги 20 йил ичида Ироқда эрта турмуш даражаси ошган. Бундай никоҳлар диний етакчилар томонидан амалга оширилади ва шахсий мақом тўғрисидаги қонунга мувофиқ давлат органларида рўйхатга олинмайди.
  • БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) 2023 йилги ҳисоботида Ироқдаги қизларнинг 28 фоизи 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқиши ҳақида ёзган. БМТнинг Ироққа ёрдам кўрсатиш миссияси маълумотларига кўра, рўйхатга олинмаган никоҳларнинг 22 фоизи 14 ёшгача бўлган қизлар билан бўлган.