Остонадаги дипломатик миссиясини якунлаётган Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев 15 август куни Қозоғистон бош вазири ўринбосари — ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу томонидан қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Учрашув чоғида вазир икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади, дейилади хабарда.

Қозоғистон президентининг фармонига мувофиқ, вазир «амалга оширилган улкан ишлар ва элчининг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун» Саидикром Ниёзхўжаевни олий давлат мукофоти — II даражали «Достиқ» ордени билан тақдирлади.

1965 йилда туғилган Ниёзхўжаев 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси этиб тайинланганди. Бунга қадар у Ўзбекистон Президенти администрацияси ва турли давлат органларида масъул лавозимларда, жумладан, давлат маслаҳатчиси ўринбосари, иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. Шунингдек, 2015−2018 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ҳам фаолият олиб борган.