2024−2025 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.

Танлов натижаларини 4 хил усулда билиш мумкин.

1. my.uzbmb.uz сайти орқали. Бунда сайтга абитуриентнинг паспорт серийаси ва рақами ҳамда шахсий идентификация рақами киритилади.

2. mandat.uzbmb.uz сайти орқали. Бунда сайтга абитуриентнинг ID рақами киритилади.

3. SMS-хабарнома хизмати орқали. 5100 рақамига абитуриентнинг ID рақами юборилганда, мазкур телефон рақамига танлов натижалари бўйича хабарнома юборилади (хизмат ҳақи мавжуд).

4.Тест натижалари қайдномаси орқали. Шунингдек, тест натижалари қайдномаси олий таълим муассасаларига тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда 737 минг 351 нафар абитуриент тестга кирди. Бу ўтган йилгига (888 минг 472 нафар) қараганда 151 мингга кам. Тестга кирган абитуриентларнинг 345 минг 869 нафари (46,9 фоиз) 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. 56,7 дан кўпроқ балл тўплаган абитуриентлар сони 391 минг 482 нафарни (53,1 фоиз) ташкил қилади.