16 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маданият вазири Озодбек Назарбеков «Овоз» телелойиҳаси учун давлат бюджетидан ажратилган салкам 2 миллиард сўм ҳақида яна фикр билдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Сизлар битта нарсани тушунинглар, «The voice»нинг ўзи бизга етади, бу бугунги кунда Ўзбекистоннинг имижига хизмат қиляпти. Агар [ушбу лойиҳага] 2 миллиард сўм [ажратилгани] жиноят бўлса, мен бунга розиман. Бутун дунёда ягона мусиқий шоу мана шу лойиҳа бўлиб турибди, у 76 та давлатда намойиш этилади. Агар лойиҳага сарфланган 2 миллиард сўмни ҳадеб маломат қилаверсаларингиз, шу пулни охири уйимни сотиб бўлса ҳам бераман», — деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, лойиҳа Марказий Осиё минтақасида ҳам омма эътиборига тушган, қатнашиш истагини билдираётганлар кўп.

«Шундай катта лойиҳа Ўзбекистоннинг имижига хизмат қиладими ёки йўқми? Келинглар, шу бўйича гаплашайлик. Шу лойиҳанинг Ўзбекистонга кириб келиши Марказий Осиёдаги ҳамманинг кўзини „поқ“ этиб очиб қўйди-ку. Барчаси менга телефон қилиб, „Биз қачон қатнашамиз?“ деб сўраяпти. Шу керак эмасми бизга юртимизнинг имижи учун? Битта спортчи ҳам [мусобақага] бориб, шу ишни қилиб келяпти, мамлакатимиз имижини кўтариб қайтяпти. „Овоз“ ҳам худди шунга ўхшайди: Ўзбекистонни янада танитишга хизмат қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги истеъдодларни бирдан халқаро майдонда кўрсатиб қўйяпти, яъни улар 76 та давлатда кўриляпти, шунча давлатда эътиборга тушяпти. Одамлар Ўзбекистонни дунё харитасидан қидира бошлаяпти. Шу керак менга, яъни лойиҳа овоза бўляпти», — деди у.

Озодбек Назарбеков лойиҳада Куба ва бошқа мамлакатлардан ҳам иштирокчилар келиб иштирок этаётганини қайд этди. «Ишонинглар, бу лойиҳа истеъдодларнинг юзага чиқишига, республикамизнинг имижига хизмат қилади. Бўлди, бошқа ҳеч нарса бермайди. Агар шу ҳам бизга керакмас десанглар, унда билмадим», — деди ҳукумат вакили.

Шунингдек, тадбирда «Овоз»да ҳакамлик қилган Озодбек Назарбековдан лойиҳа қай даражада шаффоф ўтгани, ҳакамлар ўз қариндошларини ярим финалга чиқаргани ҳақидаги гап-сўзларга муносабати сўралди.

«Тўғри, [лойиҳада] манфаатлар тўқнашуви бўлди, деб кўпчилик ёзди, гапирди. Агар сизлар лойиҳанинг ярим финал ва финал босқичларини кўрган бўлсаларингиз, [ғолибларни аниқлашда] мутлақ томошабин овоз берди, биз ҳакамлар ҳеч нарсага аралашганимиз йўқ. Сизлар, аввало, у шоу лойиҳанинг тартиб-қоидаларини кўриб чиқинглар. Унда биз устоз-ҳакамлар ўзаро курашамиз. Мисол учун, энг „слабий“ қариндошимни олиб келиб, уни финалгача кўтаришнинг менга нима кераги бор? Шунинг учун илтимос қилсангиз ҳам ҳеч ким [қариндошларни] қўллаб-қувватламайди. Лойиҳа низомини шундай қилиб қўйганки, унда коррупция қилиш, кимгадир ёрдам кўрсатиш имконсиз. У Голландиянинг лойиҳаси, буни етти ўлчаб, бир қилишган. Фақат бир ҳолатда масала бўлиши мумкин, яъни SMS орқали овоз беришда эшикма-эшик юриб, менга овоз беринг, дейиш мумкин. Шунда сохта рақамлар келиб чиқиши мумкин, яъни қайсидир иштирокчи қайсидир йўл билан кўпроқ овоз олиши мумкин. У ҳам аҳоли қўллаб-қувватлаши билан кечадиган жараён. Бундан бошқа ҳеч қандай имкони йўқ», — деди у.

Маълумот учун, 2024 йил 2 апрель куни «Talent Show» МЧЖ ва Маданият вазирлиги ўртасида 2 млрд сўмлик шартнома имзоланган. Унга кўра, вазирлик «Овоз» лойиҳаси ташкилотчиларига 6 ой давомида гонорар тўлайди. Жумладан, телелойиҳада қатнашувчи 3 нафар устоз учун ойига 38 млн сўмдан жами 684 млн сўм, 1 нафар бадиий раҳбар учун ойига 57 млн сўмда жами 342 млн сўм, 1 нафар мусиқа директори учун 38 млн сўмдан, 228 млн сўм ҳамда 6 нафар созандага 14,5 млн сўмдан жами 522 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Маданият вазири аввал ҳам бюджет тақчиллиги шароитида «Овоз» телелойиҳаси учун салкам 2 млрд сўм, «Боболарим» кино-клипига эса 2,7 млрд сўм ажратилганига муносабат билдирганди. Унинг айтишича, бошқа соҳаларни бўлгани каби санъат ва маданиятни ҳам қўллаб-қувватлаш керак.

овоз лойиҳаси, озодбек назарбеков, the voice of uzbekistan, маданият вазири

Видеодан скриншот

«Овоз» мусиқий лойиҳаси Тhе Voice лойиҳасининг расмий франшизаси бўлиб, Ўзбекистон шу телелойиҳани намойиш этиш ҳуқуқини олган дунёдаги 76-мамлакатдир.

«Zo‘r TV» телеканалида намойиш этилган мусиқий лойиҳанинг биринчи мавсумида Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Севара Назархон ва Тоҳир Содиқов иштирокчиларга ҳакамлик ҳамда устозлик қилди.