Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ичимлик суви ва канализация хизматларидан қарздорлиги салкам 1 трлн сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда 15 август куни «Ўзсувтаъминот» АЖда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда айтилишича, аҳоли орасида тўлов интизомини шакллантириш, ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар ва тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай, қонун бузилишлари ҳамон кузатилмоқда.

ичимлик суви, оқова сув, узсувтаъминот, қарздорлик

Фото: «Ўзсувтаъминот» ахборот хизмати

«Ўзсувтаъминот» бошқарма бошлиғи Султонхўжа Дадабоевнинг сўзларига кўра, қарздорлик салкам 1 трлн сўмни ташкил қилмоқда, шундан 715,2 млрд сўми жисмоний шахслар, салкам 250 млрд сўм эса юридик истеъмолчиларга тўғри келмоқда. Аҳолининг дебитор қарздорлиги йил бошига нисбатан 41,5 млрд сўмга қисқарган. «Жами истеъмолчи аҳоли, яъни хонадонлар 5 миллионта бўлса, шундан 2 млн 408 мингтаси, яъни 50 фоизга яқин истеъмолчида қарздорлик мавжуд», — деди у.

Дадабоевнинг таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган даврида республика бўйича 22,4 минг нафар жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги учун сув таъминоти тармоғидан узиб қўйилган. Мазкур ҳолатларнинг 12,4 мингтаси, яъни энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган.

«Шу йилнинг январь-июнь ойида сув таъминоти ва оқова сув тизимларига 7,7 мингта ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди. Бунда энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (1,4 мингта), Фарғона (1,3 мингта) ва Сирдарё (1,2 мингта) вилоятларида кузатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузарликлар туфайли акциядорлик жамияти манфаатларига жами 68 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган. Шундан бугунги кунгача 15 миллиард сўми ундирилди», — деди у.

Жамият вакилининг маълум қилишича, олти ой давомида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация хизматлари бўйича 117,6 минг нафар истеъмолчидан жами 343 миллиард сўмлик маблағни ундириш мақсадида фуқаролик ва иқтисодий судларга даво аризалари киритилган.

«Ўзсувтаъминот» АЖ бўлим бошлиғи Шаҳбоз Сармановнинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда ичимлик сувидан қарздор истеъмолчиларга кредит бермаслик тизими ишлаб чиқилмоқда.

«Бугунги кунда кредит ташкилотлари, яъни банклар билан интеграция жараёни йўлга қўйилиши арафасида. Ичимлик суви ва канализация хизматларидан қарзи бор истеъмолчига қарздорлик бартараф этилмагунича ҳар қандай турдаги кредитни бермаслик таклифи ишлаб чиқилмоқда. Агар истеъмолчининг номида уй бўлмаса-да, лекин у рўйхатда турадиган хонадон сув таъминоти тизимидан қарздор бўлса ҳам, кредит берилмайди. Айни пайтда ушбу тартибни йўлга қўйиш устида ишлар олиб бориляпти. Шунингдек, ҳозирда қарздор истеъмолчилардан қарзини ундириш учун газ ва электр энергияси тизимлари билан боғлаш варианти ҳам қайсидир даражада кўриб чиқилмоқда. Бу масалада чуқурроқ таҳлил қилиниб, кейин аниқ бир қарорга келинади», — деди Сарманов.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2024 йилнинг апрель ойидан чиқинди хизматидан қарзи борларга кўчмас мулк ва транспорт воситаси харид қилишда битим тасдиқланмаслиги ҳақида ёзгандик.