«Nature» журналида ёзилишича, аёл тадқиқотчиларнинг салкам 40 фоизи илк бор она бўлиши билан ё илмий фаолиятини тўлиқ тўхтатади, ё бўлмаса ярим кунлик иш тартибига ўтади. Шунинг ўзиёқ илм билан шуғулланаётган хотин-қизлар гарданидаги масъулият нақадар залворли эканидан дарак. Бу масъулиятни алоҳида эътироф этиш ҳамда олима хотин-қизларни рағбатлантириш учун Илм-фандаги хотин-қизлар куни (11 февраль) каби халқаро саналар ҳам таъсис этилган.

Илм-фандаги аёллар ҳақида гап кетаркан, ишлари ҳануз бошқа тадқиқотлар учун асос бўлаётган олима — Мария Склодовская-Кюрини эсламай бўлмайди.

Қийинчиликларда туғилган ва тобланган

Владислав Склодовский қизлари Мария, Бронислава ва Ҳелена билан. Фото: AFPВладислав Склодовский қизлари Мария, Бронислава ва Ҳелена билан. Фото: AFP

Францияликлар Мария Склодовская-Кюрини ўз миллий қаҳрамони сифатида улуғлайди, аммо унинг ҳикояси ўша вақтларда Россия мустамлакаси ҳисобланган Польшадан бошланади. 1867 йилнинг кеч кузида Варшавадаги оддий ўқитувчи оиласида кун келиб дунё ва илм-фан тарихида катта из қолдириши тасаввур ҳам қилинмаган бешинчи фарзанд — Мария туғилади.

Унинг отаси Владислав Склодовский эркаклар гимназияси раҳбари, математика ва физикадан дарс берар, поляк тилидан ташқари инглиз, француз ва немис тилларини билар, шеърлар ёзиб, аҳён-аҳёнда таржима билан ҳам шуғулланарди. Онаси Бронислава Богуская эса Варшавадаги хотин-қизлар мактабини бошқарарди. Шунга қарамай, оила қийинчилик билан кун кечирарди.

Ижарада яшайдиган оила тинимсиз у хонадондан бу хонадонга кўчишга мажбур бўлади. Таваккалчилик билан бошланган бир иш ортидан оила бошлиғи бор пулидан айрилади. Бу орада катта опаси ва онаси хасталикдан вафот этади — онасиз қолганида Мария ҳали 12 ёшга ҳам тўлмаганди.

«Илм-фан инсоният ҳаётини осонлаштирадиган ва унинг азоб-уқубатларини камайтирадиган ҳар қандай тараққиётнинг асосидир», деган эди Мария Склодовская-Кюри. Шунинг учун ҳам у, ҳаётнинг турли зарбаларига қарамай, яхши ўқишга ҳаракат қилган ва охир-оқибат маҳаллий гимназияни олтин медаль билан тамомлайди. Бахтга қарши, олдинда уни навбатдаги қийинчилик кутарди — бу вақтда Польшада хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши тақиқланган эди.

Аммо айнан шу тўсиқ Мариянинг ҳаётини буткул ўзгартиради — у Францияга бориб ўқишга қарор қилади. Лекин бошқа мамлакатда яшаш ва ўқишнинг ўзига яраша харажатлари бор, оиланинг моддий аҳволи эса — юқорида таъкидланганидек. Шунда у ўртанча опаси Бронислава билан келишади — опаси Парижда ўқиб қайтгунича Мария гувернанткалик (мураббиялик) қилиб пул топиб, уни моддий қўллаб туради, кейинроқ эса Мариянинг Франциядаги ўқиши учун Бронислава ишлаб беради.

Париж — орзулар ушаладиган шаҳар

Фото: JSTORФото: JSTOR

Поезднинг энг арзон чиптаси билан Францияга етиб келган 24 яшар Мариянинг ҳаётида янги саҳифа очилади. У, бир вақтлар ўзи орзу қилганидек, Сорбонна университети табиий фанлар йўналишига 1825 талаба орасидаги 23 хотин-қиздан бири сифатида ўқишга киради. Қизиғи, ўша вақтда Сорбоннада салкам 9 минг талаба таҳсил олган бўлса, уларнинг атиги 210 нафаригина хотин-қизлар эди.

Мактабда имкон қадар яхши ўқишга ҳаракат қилганига қарамай, математика, физика ва француз тили борасидаги билимлари оқсашини пайқаб, улар устида кўпроқ ва пухта шуғулланишга қарор қилади. Шу мақсадда шароитлари ҳаминқадар бўлса-да, кутубхонага яқинроқ уйга кўчади. Пули кам бўлса-да, дарс тайёрлашида ҳеч ким халал бермаслиги учун хонадош ҳам олмайди. Ўзидан пулни аяйди; овқат олишга пулини, таом тайёрлашга вақтини қизғаниб, бир сафар очликдан ҳатто ҳушидан кетади.

Аммо у ҳеч нолимайди, аксинча, ўзи орзу қилган севимли иш билан шуғулланаётганидан бахтиёр, ўз устида тинимсиз ишларди. «Кўрган ва ўрганган ҳамма нарсам мени бахтиёр этарди. Худди янги бир дунё, билим дунёсига қадам қўйгандим ва бу дунёни ортиқ эркин кашф қилиш имкониятига эга эдим», деб ёзган Мариянинг ўзи талабалик даврини эслаб.

Кўп ўтмай ҳаракатлари самара бера бошлайди: ўқишни тугатар-тугатмас Франция миллий саноатни рағбатлантириш жамияти, шунингдек, хорижда ўқийдиган польшалик талабалар учун ташкил этилган Александрович жамғармасидан илмий ютуқлари учун грант олади.

Муҳаббат лабораторияси

Мария ва Пьер. Фото: History HitМария ва Пьер. Фото: History Hit

Мария ўқишни тамомлагач, ота-онаси каби Варшавада ўқитувчилик қилмоқчи эди. Аммо унинг режаларини физикадаги фаолияти билан донг таратган Пьер Кюри — бўлажак турмуш ўртоғи билан учрашув ўзгартириб юборади. Ҳаммаси Пьер мудирлигидаги саноат физикаси ва кимё мактаби лабораториясидан Марияга тажрибалар учун бурчак ажратилишидан бошланади.

Баъзи манбаларда Мария малла сочлари ва сарвқоматлиги билан Пьернинг эътиборини тортгани айтилса-да, аслида улар бир-бирига интеллектуал жиҳатдан уйғун эди — ёш ва истиқболли поляк қизи закийлиги билан тажрибали француз тадқиқотчисини ўзига ром этган, нафақат унинг лабораториясидан, балки қалбидан ҳам жой эгаллаганди. Аммо Пьер Кюрининг қизнинг қўлини сўраш борасидаги биринчи уриниши муваффақиятсиз тугади — Польшага қайтиш фикридан ҳали қайтмаган Мария унга рад жавобини беради.

Аммо бу рад жавоби Пьерни тўхтатмайди — у Марияга бўлган туйғулари жиддийлигини исботлаш мақсадида у билан бирга Польшага бирга кетишга тайёрлигини ҳам маълум қилади. 1894 йил ёзида Пьер уйдагилари билан кўришиш учун Варшавага кетган севгилисига тинимсиз хат ёзади. Октябрда Парижга қайтган Мария нафақат ҳамкасбликда, балки умр йўлдошликда ҳам Пьердан яхшироқ номзод бўлмаслигига комил ишонч билан унга турмушга чиқишга розилик беради. Уларнинг тўйи 1895 йил ёзида бўлиб ўтади.

Фарзанд ва кашфиётларнинг туғилиши

Тўйдан кейин велосипедда саёҳатга чиққан Кюрилар. Фото: BritannicaТўйдан кейин велосипедда саёҳатга чиққан Кюрилар. Фото: Britannica

Икки йил ўтиб уларнинг тўнғич қизи Ирен дунёга келади. Аммо бу Мариянинг илмий фаолияти тўхташига сабаб бўла олмайди — бунда унга эри Пьер ва нафақадаги қайнотаси катта ёрдам беради. Тахминан шу вақтда у илмий иши учун мавзу қидириб, Вильгельм Рентген ва Анри Беккерелнинг тадқиқотларига қизиқиб қолади ва ишни ўша вақтда маълум бўлган кимёвий элементларнинг радиоактивлигини ўрганишдан бошлайди.

1898 йилга келиб у нафақат уран, балки торий ва унинг бошқа бирикмалари ҳам нур таратишини аниқлаб, буни «радиоактивлик ҳодисаси» деб атайди (қайд этиш жоиз, бугунги кунда саратонни аниқлаш ва даволашда радиоактив нурлардан кенг фойдаланилади). Кейинроқ турмуш ўртоғи Пьер ҳам қўшилган тадқиқот доирасида у настуран (уранинит)дан икки янги элемент ажратиб олади. Уларнинг бирига радий, иккинчисига эса Мариянинг ватани — Польша шарафига полоний деб ном берилади.

Қизиғи, Мария янги элементларни кашф этгани ҳақида Франция Фанлар академиясига ўз имзоси билан мактуб юборади, бироқ у вақтларда докторантурада ўқиётган аёлнинг отаси ёки турмуш ўртоғининг имзосисиз у юборган хат инобатга олинмасди — бу олима аёл ўз ҳаёти давомида дуч келган биринчи ё охирги жинсий камситилиш эмасди.

Эр-хотин ўз кашфиётидан ҳеч қандай манфаат кўзламайди. Аксинча, фойдаси тегсин дея тадқиқот натижалари ҳақида омма олдида, ҳаммага гапириб бераверишади. Айни вақтда, радиоактивлик ҳодисаси ва янги элементларнинг кашф қилиниши илм оламида оламшумул янгилик сифатида қабул қилинади. Радиоактивлик барча «дард»лар давоси сифатида кўрила бошлайди, ҳатто шоколад, тиш ювиш пастаси, чойшабларгача радий қўшишга киришиб кетишади, радиоактив атир ва сигареталар ишлаб чиқарилади. Доза меъёрдан ошиб кетса, у саломатликни ишдан чиқариши ҳам мумкинлиги 1920-йилларга келибгина маълум бўлади.

Нобель олган илк аёл

 Кюрилар ва Анри Беккерелнинг Нобел мукофоти дипломи. Фото: History Hit Кюрилар ва Анри Беккерелнинг Нобел мукофоти дипломи. Фото: History Hit

1903 йилда эр-хотин Кюрилар ўтган йиллардаги машаққатли меҳнатлари натижаси, хусусан, радий ва полоний элементларининг ажратилиши тавсифланган докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. Кўп ўтмай уларнинг хизматлари йилнинг кимё соҳасидаги энг муҳим кашфиёти учун Лондон Қироллик жамиятининг Дэви медали билан тақдирланади. Йилнинг иккинчи ярмида эса улар физика йўналишида Нобель мукофотига лойиқ кўрилади.

Улар мукофотни физик Антуан Анри Беккерель билан бўлишади, аммо лауреатларнинг дастлабки рўйхатида, мукофотга сабаб бўлган радиоактивлик ҳодисасини кашф этишда унинг хизматлари беқиёс бўлса-да, Мария Кюрининг исми бўлмайди. Қайд этиш жоиз, бунгача ушбу юксак мукофот билан ҳали бирор хотин-қиз тақдирланмаган эди ҳам. Аммо Пьер Кюрининг эътирозидан сўнг, мукофотланувчилар рўйхатига Мария ҳам қўшилади. Шу тариқа у Нобель олган илк аёлга айланади.

Орадан саккиз йил ўтиб, Мария Кюри «фанни ривожига қўшган улкан ҳиссаси — радий ва полоний элементларини кашф этгани, радийни ажратиб, шундай ажойиб элементнинг табиати ва бирикмаларини ўргангани» учун яна бир бор — бу сафар кимё йўналишида — Нобель мукофоти билан мукофотланади. У тақдирлаш маросимида ушбу кашфиётларда марҳум эри Пьернинг ўрни катта эканига алоҳида урғу беради — Пьер Кюри 1906 йили Парижда арава ғилдираклари остида қолиб, ҳалок бўлганди.

Икки фарзанди билан бева қолган (1904 йили Пьер ва Мариянинг иккинчи қизи — Ева дунёга келган эди) олима анча вақт тушкунликка тушиб қолади, аммо бўлажак изланишлари ва қизларининг келажаги учун ўзини қўлга олишга куч топа билади. Унга нафақа таклиф қилинганида: «Ёшим 38 да ва ўзимни ўзим таъминлай оламан», дея қатъий жавоб беради. Эрининг вафотидан сўнг Сорбонна университетида унинг ўрнини эгаллаган Кюри хоним Франциядаги илк профессор аёл сифатида ҳам тарихга киради.

Аскарлар ҳаётини сақлаб қолган лабораториялар

Мария Кюри ўзининг мобил радиологик лабораториясида. Фото: Oxford Science Archive Мария Кюри ўзининг мобил радиологик лабораториясида. Фото: Oxford Science Archive

Ҳаёт — бошқаларнинг мушкулини осон қилгиси келадиган инсонлар борлиги билан ҳам гўзал. Мария Кюрининг ўзига хослиги ҳам шунда — у ҳам инсон, ҳам олима сифатида энг яхши хусусиятларни ўзида жамлаган эди. Унинг Биринчи Жаҳон уруши даврида қўл қовуштириб ўтирмагани, имконияти, соҳасидан келиб чиқиб Франция учун қилган хизмати, ташаббуси бунга яққол мисол бўлади.

У 1914 йил бошида Франция ҳукуматига мобил радиологик лабораторияларни ташкил этиш, техник ходим ва шифокорларни ўқитиш бўйича тўлиқ режа беради. Таклифи маъқуллангач, бор вақти ва маблағини ҳарбий дала тиббиётини ривожлантиришга сарфлайди, ходимларни шахсан ўзи ўқитади. Шу тариқа ҳарбийларни рентгенологик текшириш имкони пайдо бўлади, худди шу тариқа кўплаб француз аскарларининг ҳаёти сақлаб қолинади.

Урушдан кейин у ўз фаолиятини Радий институтида давом эттиради. Мария Кюрининг таклифи билан мазкур институт саратонга қарши курашишга ихтисослаштирилади. Ҳомийлик қўллови билан ушбу муассаса радиоактивликни ўрганиш бўйича дунёдаги энг йирик лабораториялардан бирига айланади. Оддий бир мисол: институт тадқиқотчилари 1919 йилдан 1934 йилга қадар Мария Кюри бошчилигида 483 та илмий иш эълон қилган.

Хотима

Кюрилар қизи Ирен билан. Фото: AFPКюрилар қизи Ирен билан. Фото: AFP

Радиоактив модда ва нурлар билан меъёрдан ортиқ ишлаш Кюриларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаган — уларнинг Мария ҳам, унинг эри Пьер ҳам ўлимига қадар сурункали чарчоқ ва саломатлик билан боғлиқ муаммолардан муттасил азобланган. Ҳаётлик чоғида Пьер оёқлари қалтирайдиган, баъзан тик туришга-да ҳоли келмайдиган бўлиб қолганди. Мариянинг бармоқлари эса яра-чақа бўлиб, чандиқ билан қопланган, муккасига кетиб ишлаганидан вазн йўқотиб, анемиядан азият чекарди. Буйраклар ва катаракта билан боғлиқ муаммолар ҳам бор эди.

Охир-оқибат, саратон ва бошқа оғир касалликларни радиокатив нурлар билан даволашга сабабчи бўлган Мария Кюрининг ўзи 1934 йилда, 66 ёшида, радиациядан узоқ вақт нурланиш асорати ўлароқ пайдо бўлган қон касаллигидан вафот этади. Олиманинг нурланганлик даражасини тасаввур қилиш учун шу фактни келтиришнинг ўзи етарли бўлса керак: 1960 йили Кюрилар архивини Франция Миллий кутубхонасига ўтказмоқчи бўлишганида, архивдаги кундалик, китоб ва қўлёзмаларнинг аксарияти ҳали ҳам инсон учун ўта хавфли бўлган радиоактивликка эгалиги маълум бўлади.

Мария Кюри ўзидан асрларга татигулик илмий мерос, жамият ва фанга беқиёс ҳисса қўшган фарзандлар қолдиради. Хусусан, қизи Ирен ҳам ота-онасининг изидан бориб, кимё йўналишида Нобель мукофоти соҳибасига айланади. Журналист, мусиқачи ва жамоат арбоби бўлиб етишган Ева эса Кюрилар оиласининг Нобель олмаган ягона вакилидир.

Мария Кюрининг фаолияти ҳақида гап очилганда, кўпинча унинг омадли бўлгани, Нобель мукофотини олиш ҳаммага ҳам насиб қилавермаслиги айтилади. Аммо унинг ҳаёт йўлига назар ташланса, бу шунчаки омад эмас, балки тинимсиз меҳнат, илмга бағишланган умр, соғлик билан тўланган бадал эвазига берилган мукофот эканлигини кўриш мумкин. Унинг иродаси, тиришқоқлиги ва қийинчиликларга илм орқали ечим топа олганидан нафақат аёллар, балки умуман барча-барча ўрнак олса арзийди.