Ўзбекистонда маймунчечак касаллигининг четдан кириб келиши ва унинг тарқалиб кетишини олдини олиш юзасидан маълум чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дея хабар берди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқармаси бошлиғи Рустамжон Икромов.

Қўмита вакилининг сўзларига кўра, ушбу касалликка чалинганликда гумон қилинадиган ҳолатларда лаборатория ташхисларини ўтказиш учун божхоналардаги, марказлардаги ва вирусология илмий текшириш институтидаги вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган.

Мутахассиснинг айтишича, маймунчечак касаллигини ташхислаш учун зарур бўладиган диагностика ва тест системаларини олиб келиш юзасидан ишлар йўлга қўйилган.

«Бизда 2023 йилда берилган тест системаси ҳам мавжуд. Ундан фойдаланиш юзасидан маълум ишларни амалга оширяпмиз. Яъни жойларга етказиб бериш ва у ерда гумон қилинган ҳолатларда касалликни ташхислашдан ўтказиш юзасидан иш жойида тажриба алмашинувини амалга ошириш, яъни иш жойида кўникма ҳосил қилиш юзасидан видеоконференция алоқаси орқали лаборатория ходимларининг билим-савиялари оширилмоқда», — деди Рустамжон Икромов.

Масъул, шунингдек, касалликка гумон ҳолатини эрта аниқлаш учун қабулхона ва юқумли касалликлар шифохоналарида тери тошмаларининг барча кўринишлари, жумладан, маймунчечагининг ўзига хос белгиларини аниқлаш мақсадида шифокорлар билан яқин кунларда ўқув семинарлари ташкил қилиш режала қилинганини маълум қилди.

Фото: AP.Фото: AP.

Инфекция ҳақида нималар маълум?

Маймунчечак — бу Orthopoxvirus жинсига мансуб маймунчечак вируси келтириб чиқарадиган касаллик. Маймунчечак вирусининг иккита генетик кладаси мавжуд: I ва II синф.

Одатий симптомлар тери тошмаси ёки шиллиқ пардаларнинг шикастланиши ҳисобланиб, улар икки-тўрт ҳафта давом этиши мумкин ва иситма, бош оғриғи, мушак ва бел оғриғи, заифлик ва лимфа тугунларининг шишиши билан кузатилади.

Одамлар маймунчечакни у билан касалланган одам, ифлосланган нарсалар ёки касал ҳайвонлар билан жисмоний алоқа қилиш орқали юқтириб олиши мумкин.

Маймунчечак касаллиги одамда илк бор 1970 йилда Конго Демократик Республикасида қайд этилган. Инфекция Марказий ва Ғарбий Африкада эндемик ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти икки йил ичида иккинчи бор маймунчечак эпидемиясини соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат деб эълон қилганди. Қарор Конгода инфекция авж олгани ва касаллик қўшни давлатларга ҳам тарқалгани фонида қабул қилинган.

Биринчи глобал эпидемия 2022−2023 йилларда қайд этилган, ўшанда унга IIb кладаси деб номланувчи штамм сабаб бўлган. Ҳозирги эпидемияни эса касалланганларнинг 10 фоизгача қисмининг ўлимига сабаб бўлаётган Ib кладаси штамми чақирган.