БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 19−30 август кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

У Ўзбекистонга ташрифи давомида миллий қонунчиликда ва амалиётда уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш, жумладан, уй-жойнинг арзонлиги ҳамда яроқлилиги, хизматлардан фойдаланиш имкониятини ва мажбурий кўчиришни ўрганиб чиқади.

Шунингдек, Ўзбекистон томонидан уй-жой ҳуқуқидан мамлакатдаги барча аҳоли гуруҳлари фойдаланиши учун кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилади. Махсус маърузачи иқлим инқирозининг уй-жой ҳуқуқига бўлган таъсирини ва аҳолининг уй-жой масалалари ва шаҳарсозлик бўйича қарорлар қабул қилинишида иштирок этиши масалаларини ўрганади.

Ташриф давомида БМТ маърузачиси Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга ва улар яқинидаги туманларга, жумладан, талабалар турар жойлари ва оилада турли мураккабликларга учраган ёки бошпанасиз қолган шахслар учун мўлжалланган яшаш манзилларига бориши кутилмоқда. Бир қанча расмий учрашувлар, фуқаролик жамияти ва бизнес доиралар вакиллари билан мулоқотлар ҳам режалаштирилган, дейилади хабарда.

Ташриф якунида БМТнинг махсус маърузачиси матбуот анжумани ўтказади.

Эксперт 2025 йилнинг март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига ташрифи тўғрисида ҳисобот тақдим этилиши кутилмоқда.