Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича берилган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва давлат раҳбарининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергеновга юклатилди.

Мақсад ҳудуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев душанба куни Кегейли туманида бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент ўз нутқида иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришларни таъкидлади. Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларини қондириш, турмушини яхшилаш, инсон қадр-қимматини юксалтириш борасида республика раҳбариятининг ташаббускорлиги йўқлиги, туман ҳокимларининг масъулиятсизлиги, амалга оширилаётган ишлар етарли даражада эмаслигини таъкидлади.

саида мирзиёева, шавкат мирзиёев, турсинхан худайбергенов, қорақалпоғистон

Қорақалпоғистонда бизнес учун яратилган имконият ва шароит бошқа бирорта вилоятда йўқлиги ҳисобга олинса, шаҳар-туман ҳокимлари бу имкониятларни лойиҳа ва иш ўрнига айлантира олганда, кўрсаткичлар 5−10 карра юқори бўларди, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу сабабли ярим йил якунлари бўйича Қораўзак ва Тахиатош ҳокимлари ишдан олинган. Амударё, Беруний, Бўзатов, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли ва Чимбой туман ҳокимларига интизомий жазо қўлланган, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда фойдаланилмаётган улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Хизмат кўрсатиш ва туризм, қурилиш, савдо, ҳордиқ чиқариш ва бошқа соҳалардаги салоҳиятга тўхталиб ўтди.

Президент Қорақалпоғистоннинг туман ва шаҳарлари ҳокимларининг масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий этилишини маълум қилди. Бунда, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар ойда ўзига бириктирилган биттадан вилоятга боради, улардаги яхши тажрибаларни ўрганади ва туманида жорий қилади.

Ҳафтада бир кунни тўлиқ тадбиркор ва инвесторларга ажратиб, муаммосига ечим топади. Шунингдек, Қорақалпоғистон ҳудудлари билан бошқа вилоятлардаги туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича ҳар йили инвестиция форуми ўтказилади.

Сентябрь ойида Қорақалпоғистонда йирик инвестициявий форум бўлиб ўтади. Президент бунга пухта тайёргарлик кўриш бўйича масъулларга топшириқ берди.

Унинг сўзларига кўра, янги имкониятлардан фойдаланиб, йил охирига қадар республикада камбағаллик даражасини ҳозирги 13,6 фоиздан 8,5 фоизгача камайтириш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, сешанба куни Нукусда президентнинг тадбиркорлар билан йиллик мулоқоти ўтказилиши режалаштирилган. Унда барча ҳудудлардан 300 га яқин тадбиркор ва инвестор, шунингдек, хорижда ўз бизнесини йўлга қўйган 40 дан ортиқ ўзбекистонлик иштирок этади. Мулоқотга 1000 дан ортиқ бизнес вакиллари ҳудудий студиялардан қўшилади.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир туман учун «Қорақалпоғистонда тадбиркорлик» дастурини тайёрлаш бўйича топшириқ берди. Бу Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, камида 10 миллиард доллар сармоя киритиш, 500 минг иш ўрни яратиш учун янги манбага айланиши керак.