Сиёсат

дайжест

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга боради

Душанба куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюради. Сафар давомида саноат корхоналари, IT ва ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечириш режалаштирилган. 20 август куни давлат раҳбари Нукусда тадбиркорлар билан мулоқот ўтказади.


дайжест

БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга келади

БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 19−30 август оралиғида Ўзбекистонда бўлади. У Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Бухорога ташрифи давомида уй-жой арзонлиги ва яроқлилигини ўрганади. У талабалар турар жойлари ва бошпанасиз қолганларнинг манзилларига ҳам боради.


Иқтисодиёт

дайжест

Қорақалпоғистонда иккита ШЭС қурилиши бошланди

Президент Қорақалпоғистонда Хитой ва Саудия Арабистони компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган 2 та шамол электр станцияси қурилишига старт берди. Шунингдек, янги иншоотларнинг қурилиши ва фаолияти бошлаб берилди.


дайжест

Саудия Арабистони Нукусдаги иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаши режалаштирилмоқда

Президентга Қорақалпоғистонда амалга оширилиши режа қилинган инвестиция лойиҳалари тақдим этилди. Саудия Арабистони билан Нукус шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания билан қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ҳамда Германия билан мисни қайта ишлаш лойиҳалари режалаштирилмоқда.


дайжест

Аҳолининг истеъмол кайфияти: уй-жой ва автомобиль харидида харажатлар ва режалаштирилган сарфнинг камайиши

Марказий банк иккинчи чорак учун 0,7 пунктга пасайган истеъмол кайфияти индексини эълон қилди. Сўров натижаларига кўра, уй-жой сотиб олганлар улуши 6,2 фоиздан 5,8 фоизга камайди, автомобиль хариди эса — 12,3 фоиздан 10,5 фоизга. Келгуси ойларда ҳам уй-жой сотиб олишни хоҳловчилар камроқ.


Жамият

дайжест

Самарқанд-Тошкент йўналишида қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади

Мустақиллик байрами ва «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали муносабати билан 25 август-3 сентябрь кунлари Самарқанд-Тошкент-Самарқанд йўналишида қўшимча «Афросиёб» электропоезди ҳаракати йўлга қўйилади.


дайжест

Ҳафта давомида ҳарорат аста-секин кўтарилади

Душанбадан ҳарорат аста-секин кўтарилади, лекин нисбатан қулай бўлади. Кундузи ҳаво +30…+35, баъзи жойларда +37 даражагача исийди. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.


дайжест

Тошкентда ўзини «Ўзбекфильм» масъули деб таништириб, 20 минг доллар олган шахс ушланди

Тошкентда ўзини «Ўзбекфильм» масъули дея таништирган шахс маҳкума аёл ҳаётига бағишланган сериал суратга олиш эвазига фирибгарлик йўли билан 20 минг доллар олганда ушланди. Тошкент вилоятида эса чет тили бўйича сохта сертификат олиб бермоқчи бўлган консалтинг фирма раҳбари $3500 устида қўлга олинди.


дайжест

Самарқанддаги тоғда адашиб қолган йигит қутқарилди

Самарқанд туманидаги Миронқул-Оҳалик тоғида адашиб қолган 18 ёшли йигит қутқарилди. У тоғнинг 1000 метр баландлигидан соат 01:30 да топилган.


дайжест

Янги ўқув йилида 186 мингдан ортиқ абитуриент талаба бўлди

2024/2025 ўқув йили учун 186 871 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Хусусан, 41 153 нафари давлат гранти, 145 718 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Грантда ўртача ўтиш балли — 121,7, контрактда эса 94,7 бўлди.


дайжест

Сирдарёда 2 ёшли бола боғчада вафот этди

Мирзаобод туманидаги хусусий боғчада 2 ёшли бола вафот этди. Боланинг ўлимига нафас йўллари овқат билан беркилиб қолгани оқибатида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.


дайжест

Тошкентда ҳайдовчи ППХ ходимига ҳужум қилди

Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимига ҳужум қилингани акс этган видео тарқалди — Тошкентда автомобиль ҳайдовчиси машинасини бошқа жойга қўйишдан бош тортди ва ППХ ходимини урди. Тошкент шаҳри ИИББ ҳолатга изоҳ берди.


дайжест

Наманган вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари 7,5 йилга қамалди

Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари Саидаҳмад Султонов 7 йил 6 ойга қамалди. У жуда кўп миқдордаги маблағларни ўзлаштириш, талон-торож, шунингдек, фирибгарликда айбдор деб топилди.


дайжест

Президент шошилинч тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлди

Президент Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлди. Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона, деб таъкидлади давлат раҳбари матбуот хизмати.


дайжест

Жиззахдаги боғчада 2 нафар бола овқатдан заҳарлангани аниқланди

Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги боғчада 2 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Текширув ишлари бошланди.


Маданият

дайжест

Қозоқ миллий драма театри Ўзбекистонга гастрол сафари билан келади

2−4 сентябрь кунлари Мухтор Ауэзов номидаги Қозоқ миллий драма театри Тошкентдаги Давлат мусиқали комедия театрида (оперетта) чиқиш қилади. 6 сентябрдан 8 сентябргача эса улар Нукусдаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида гастроль сафарлари билан иштирок этади.


Жаҳон

дайжест

Қозоғистон маймунчечак сабаб чегарадаги назоратни кучайтирди

Қозоғистон ССВ мамлакатга маймунчечак кириб келишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилганини маълум қилди. Хусусан, аэропортлар ва чегара ўтиш жойларида назорат чоралари кучайтирилди. Вазирлик эндемик мамлакатларга борувчи фуқароларга тавсиялар берди.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!