Жиззахнинг Пахтакор туманидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болалар оммавий заҳарланди, деб хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова.

Ҳолат вилоят прокуратураси томонидан ўрганилганда аниқланишича, 2 август куни боғчада тарбияланаётган И.Ф. (қиз бола, 2020 йилда туғилган) ва С.Т. (қиз бола, 2019 йилда туғилган)нинг тана ҳарорати кўтарилган. Ота-онаси томонидан шифохонага олиб борилганда, болалар овқатдан заҳарланиш ташхиси билан юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.

Шунингдек, шу куннинг ўзида ушбу боғчада тарбияланаётган қолган 14 нафар бола ҳам юқумли касалликлар бўлимида шифокорларнинг кузатувига олиниб, зарур муолажалар олган. Уларга соғлигидан шикоят аниқланмагани туфайли уйларига жавоб берилган.

Эпидемиологик суриштирув давомида болаларга нонушта пайти берилган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинган. Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда.