Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги тоғда адашиб қолган 18 ёшли йигит қутқарилди, дея хабар қилди вилоят ФВБ.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 17 август куни соат 21:25 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига бир фуқаро Самарқанд тумани Миронқул маҳалласидаги тоғларда дам олиш мақсадида чиқиб, йўлдан адашиб қолганини маълум қилиб, пастга тушиб олишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Хабарга асосан, қидирув-қутқарув ишларига Махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отрядининг бир гуруҳ қутқарувчилари жалб қилинган. Қутқарувчилар томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 август куни соат 01:30 да 2006 йилда туғилган фуқаро И.А Миронқул-Оҳалик тоғининг денгиз сатҳидан 1000 метр баландликдан топилган.

«Ушбу фуқаронинг хавфсизлиги таъминланган ҳолда тоғдан пастга олиб тушилган. Фуқаронинг соғлиғи яхши, унга ҳеч қандай тан жароҳатлари етмаган», — дейилади бошқарма хабарида.