Шавкат Мирзиёевга Қорақалпоғистонда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинди, деб хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, охирги 7 йилда Қорақалпоғистонда 17,8 трлн сўмлик 6 минг 784 та лойиҳа амалга оширилган. Уларнинг натижасида 56 мингта иш ўрни яратилган. Шу даврда 2,8 млрд долларлик экспорт қилинган. Бу йил республикада умумий қиймати 874 млн долларлик 470 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 9,5 млрд долларлик 124 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан қарийб 1,8 млрд долларлик 10 таси давлат раҳбарига тақдимот қилинди.

Лойиҳаларга Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Испания каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар энергетика, иссиқлик таъминоти, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олади.

Масалан, Саудия Арабистони билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш, Испания инвестицияси иштирокида Қораўзак туманида қуёш ва шамол электр станциялари қуриш, германиялик инвесторлар томонидан Нукус туманида мисни қайта ишлаш ва кабеллар ишлаб чиқариш лойиҳалари режалаштирилган.

Мазкур 124 та лойиҳа натижасида 20 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.

Давлат раҳбари ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.