Қозоғистон маймунчечак туфайли чегарада назорат чораларини кучайтирди. Бу ҳақда мамалакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб Tengrinews хабар қилди.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шу кунгача мамлакатда бирорта ҳам маймунчечак касаллиги қайд этилмаган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатга инфекция кириб келишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Санитария-карантин масканлари, жумладан, аэропортлар ва чегара ўтиш жойларида назорат чоралари кучайтирилди. Маймун чечаги ҳолатлари қайд этилган мамлакатлардан келаётган фуқароларга эътибор қаратилади» — дейилади тарқатилган баёнотда.

Инфекциянинг эҳтимолий тарқалишининг олдини олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги эндемик мамлакатларга боришни режалаштираётган фуқароларга қуйидаги эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилди:

  • Касал одамлар ва ёввойи ҳайвонлар билан алоқа қилмаслик. Вирус зарарланган маймунлар, каламушлар ва бошқа ҳайвонлар билан алоқа қилиш орқали юқиши мумкин.
  • Ҳимоя воситаларини қўллаш. Ҳайвонлар ёки уларнинг маҳсулотлари билан контактда бўлганда ҳимоя кийимлари ва қўлқопларни тақиш муҳим ҳисобланади.
  • Гигиена қоидаларига амал қилиш. Қўлларни мунтазам ювиш ва дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш инфекция юқиш хавфини камайтиради.Маймунчечак билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган мамлакатларга фавқулодда зарурат бўлмаганда ташриф буюриш тавсия этилмайди.

Дастлабки аломатлар пайдо бўлганда шифокорга мурожаат қилинг. Тошмалар, юқори ҳарорат ва бошқа аломатлар пайдо бўлганда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемиологик вазиятни кузатиб бормоқда ва ҳар қандай ўзгаришларга зудлик билан жавоб беришга тайёр» — дея қўшимча қилди вазирлик.

Аввалроқ, Ўзбекистонда маймунчечакнинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилинганди. Қайд этилишича, вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган, жойларга тест системалари тарқатилмоқда.