19 август куни президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюради, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Сафар давомида саноат корхоналари, IT ва ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечириш, маҳаллаларда аҳоли ҳаёти билан танишиш режалаштирилган. Янги мажмуалар ишга туширилиб, навбатдаги лойиҳалар бошланади.

20 август куни Нукус шаҳрида президентининг тадбиркорлар билан мулоқоти бўлиб ўтади.

Давлат раҳбари 2021 йилнинг 20 августида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматидаги илк учрашувини ўтказганди. Ўша йиғилишда у бундай тадбирни ҳар йили ўтказиш ва 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилган.