Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимига ҳужум қилингани акс этган видеолар пайдо бўлди. Тошкент шаҳри ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълумотга кўра, 19 август куни соат тахминан 02:00 ларда Бектемир туманидаги бозор яқинида патруль-пост хизмати инспектори Ж.Ражабов нотўғри жойда тўхтаб турган транспорт воситасини аниқлаган. Машина бошқа транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишига халақит бераётгани боис инспектор Captiva эгасига қўнғироқ қилиб, уни бошқа жойга қўйишни сўраган.

34 ёшли ҳайдовчи Шавкат Абдуллаев талабни бажаришдан бош тортган ва фаол қаршилик кўрсатиб, ППХ ходимига жароҳат етказган.

Ҳолат юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.