Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Саидаҳмад Султонов 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг жиноят иши 13 август куни Тўрақўрғон тумани судида кўриб чиқилди. «Газета.uz»га мазкур иш ҳужжатини ўрганди.

Султонов 2023 йилнинг 16 декабрь куни қамоққа олинганди.

Суд ҳукмига кўра, Саидаҳмад Султонов вилоят ҳудудидаги бир нечта ички йўлларни қуриш ишларини бажаришга тендер савдолари ўтказмай ва лойиҳа-смета ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда оғзаки кўрсатмалар берган. Бунда, хусусан, Тўрақўрғон туманидаги автомобиль йўлини қуриш ва унинг атрофини ободонлаштиришда 5,4 млрд сўм маблағ қўшиб ёзилган.

«Наманган смарт сити» объектидаги йўл қурилишида эса 1,2 млрд сўм, «Юксалиш-2 Ёшлар» кичик саноат зонаси автомобиль йўлларини қуриш ишларини амалга оширишда 5,4 млрд сўм, «Юксалиш» кичик саноат зонасига олиб борувчи 1,4 км ли автомобиль йўлини қуриш ишларида 3,2 млрд сўм маблағ талон-торож қилинган.

Султонов мазкур тўртта ҳолатда йўл қурилиш объектларини ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз «Наманган қурилиш дизайн савдо» МЧЖга топшириб, ўз вақтида молиялаштирилишига ёрдам бериб келган. У бунинг эвазига МЧЖ раҳбаридан жами ҳисобда 50 минг доллар пулни улуш сифатида олган.

Бундан ташқари, мансабдор вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган вақтида 2 та тўла қуриб битказилмаган кўп қаватли турар жой биносини инспекция назоратидан ўтказишга кўрсатма берган ва бунинг натижасида жуда кўп миқдорда давлат манфаатларига зарар етказилган.

Саидаҳмад Султонов ўзига Наманган вилояти ҳокимлиги балансидаги Captiva машинаси бириктирилган бўлса-да, 2020 йил июл ойидан 2023 йил декабрь ойига қадар Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал бошқармаси балансидаги Hyundai Tucson машинасидан хизмат ва шахсий мақсадларда фойдаланган. Бу даврда МЧЖ пули ҳисобидан 13 359 литр бензин сарфлаб, давлат ва жамият манфаатларига 128 млн сўмдан ортиқ зарар етказган.

Қолаверса, 2023 йилда у Наманган вилоятининг «Навбаҳор» футбол клубига ҳомийлик қилиш мақсадида «Сув таъминоти ва оқава сув объектларини қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғига «Строй мелио монтаж» ва «Насос таъмир» МЧЖ раҳбарларидан 15 минг доллардан жами 30 минг доллар олиб бериш юзасидан топшириқ берган. У ушбу пулларни клубга кирим қилиш учун топширмасдан, шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.

Шунингдек, Султонов 2018—2020 йилга қадар Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб, 225 млн сўмдан ортиқ бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани ҳам аниқланган.

Суд ҳукми билан, у Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси 4-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 205-моддаси 2-қисмининг «а» бандида (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Султонов 3 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан, ҳокимлик тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилинди.