Ўзбекистон аэропортларида чет элдан маймунчечак кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Таъкидланишича, Ўзбекистон бош давлат санитария врачининг маймунчечак кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга доир кўрсатмасига асосан мамлакат аэропортларида қатор санитария-тарғибот тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.

Жумладан, фуқаро авиацияси объектлари Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази билан биргаликда 20−21 август кунлари аэропортлар тиббиёт ходимлари учун маймунчечак касаллигининг этиологияси, клиник кўриниши, эпидемиологияси, диагностикаси ва олдини олиш бўйича семинарлар ўтказади.

Шунингдек, барча халқаро аэропортларида маймунчечакнинг олдини олишга қаратилган санитария-тарғибот ишлари кучайтирилди, дейилади хабарда.

Хусусан, аэропорт ходимларига ушбу касаллик ҳақида соддалаштирилган шаклда маълумот берилади ва баъзи аломатлар визуал тарзда қандай намоён бўлиши тушунтирилади. Аэропортларда ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни масофадан туриб аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилади.

Uzbekistan Airports’нинг Тиббий таъминотни ривожлантириш департаменти ЖССТ маълумотларига таяниб таъкидлашича, ушбу касалликнинг янги штамми асосан Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри рейслари бўлмаган Африка мамлакатларида тарқалмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда ЖССТ маймунчечак эпидемиясини соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Қарор Конго Демократик Республикасида инфекция авж олгани ва касаллик қўшни давлатларга ҳам тарқалгани фонида қабул қилинди.

Шундан сўнг СЭС бошқармаси бошлиғи Рустамжон Икромов Ўзбекистонга маймунчечакнинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган, жойларга тест системалари тарқатилмоқда.