Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида эришилган ютуқлар билан ўртоқлашар экан, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятига инвесторларнинг ишончи ортиб бораётганини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг айтишича, ўзидан бошлаб бош вазир, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман — барча раҳбарлар йил бўйи тадбиркор билан доимий мулоқотда бўлган.

Тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланган, 8 трлн сўм қўшимча маблағ ажратилган. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ривожи, тадбиркорлик инфратузилмаси учун яна 18 трлн сўм йўналтирилган.

Бундан ташқари, маҳалладаги микролойиҳадан тортиб, мегалойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилган.

Президентнинг сўзларига кўра, илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз «текшир-текширлар» сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қолган.

«Ҳозир эса уч йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага етди. Яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркорлар бор», — деди у.

Бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди.

Йиллик айланмаси 10 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 млрд сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2200 тадан ошди. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп бўлди. Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси «маҳаллабай» ва «мижозбай» ишлашни бошлагани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди, деди президент.

Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Хусусий секторда 5 млн сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 млн сўмдан зиёд ойлик олади.

«Булар тадбиркорларимиз „сояда“ ишлашдан кўра қонуний фаолият, соғлом рақобатни манфаатли деб билаётганидан далолат», — деди давлат раҳбари.

Тадбиркорлик рейтингида «А» ва «B» — яхши тоифага кирувчи корхоналар 91 мингга кўпайди, яна 170 минг корхона «D» — энг ёмон тоифадан чиқарилди. Бунинг ҳисобига солиқ текширувлари ўтган йилга нисбатан 2 карра, жумладан, камерал текширувлар 3 карра қисқарди, дейилади хабарда.

Шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсди.

«„Текширса — қўрқади, қўрқса — солиқ тўлайди“, деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса солиқчилар тушуниб етди. Содда қилиб айтганда, мансабдорлар тадбиркор билан мулоқот қилишга ўргатилиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича туб бурилиш ясалди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Олти ойда «тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди». Бу — инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганидан далолат, деди президент.

Давлат раҳбари «ушбу рақамларнинг бирортаси 33 йиллик тарихимизда бўлмаганини» қайд этди.

«Ҳали имкониятларимиз бундан карра-карра кўп. Энг муҳими, уларни ишга солишга қодир бўлган сиздек ватанпарвар ва жонкуяр тадбиркорларимиз бор. Аҳолимиз 38 миллионга яқинлашиб боряпти, уларнинг даромади ҳам кундан-кунга кўпаймоқда. Қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларимиз мисли кўрилмаган даражага чиқди. Мамлакатимиз маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга, минтақадаги саноат хабига айланиб улгурди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «ҳозирги мураккаб шароитда барча давлатлар ўз юртидаги ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишни устувор йўналиш сифатида кўрмоқда». Ўзбекистон ҳам рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича тадбиркорларни янада кенг қўллаб-қувватлайди, деди у.