Шавкат Мирзиёев 29 август куни Нукусда тадбиркорлар билан учрашувда тадбиркорлик фаолияти учун тўсиқларни камайтириш ва қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини маълум қилди.

Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга асос бўладиган қонун бузилиш ҳолатлари даражаси белгиланмаган, деди президент. Оқибатда арзимаган камчиликлар билан ҳам тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу боис 1 ноябрга қадар аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилади. Президент реестрда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортишни янада либераллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Масалан, 100 миллион сўмдан ортиқ солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Президент бу лимитни 2 баробарга — 200 миллион сўмга оширишни таклиф қилди.

У тадбиркорлар берилаётган енгиллик ва билдирилаётган ишончни суиистеъмол қилмаслигига умид билдирди.

Президент кредит олди-бердисида банк ҳам, тадбиркор ҳам таваккал қилишини таъкидлади. Лекин амалиётда банкнинг ҳуқуқ ва ваколатлари тадбиркорга нисбатан анча кўпроқ.

Масалан, кредит вақтида қайтмаса, гаровга қўйилган мулк шартнома тузилган пайтдаги қийматида сотувга чиқарилади.

«3−4 йил олдин кредит олинганда 100 миллион сўмга баҳоланган мулкнинг бугунги нархи 30−40 фоиз қимматлашса, уни қандай қилиб эски қийматида сотиш мумкин? Тўғри, муаммоли кредит билан қаттиқ шуғулланиш керак, лекин бу тадбиркорни „тугатиш“ ҳисобидан бўлмаслиги зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан гаровга қўйилган мулк сотувга қўйилишидан аввал унинг жорий бозор қиймати аниқланадиган тизим яратилади. Агар қарз миқдори гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса, ундириш мулкка йўналтирилмайди. Яъни банк мижозига қарзни бошқа манба ҳисобидан қоплашга имкон беради.

Давлат раҳбари кўчмас мулк бузилиши бўйича компенсация тўлашда ҳалигача муаммолар борлигини айтди.

Ҳозирда ушбу харажатлар вилоят бюджети ҳисобидан қопланяпти. Лекин айрим вилоятлар бюджетида маблағ кам қолаётгани учун тадбиркорнинг пулини қоплаб бериш 5−6 йилга чўзилиб кетмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, эндиликда ер савдосидан тушган маблағлар аввало бузилишлар бўйича тадбиркорлардан қарзни сўндиришга қаратилади.

Сўнгги икки йилда бозорга киришдаги 13 та эксклюзив ҳуқуқ бекор қилинган эди. Яқинда яна 7 таси бекор бўлади, бу орқали 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорлар учун бозорга кириш имконияти яратилади, деди Шавкат Мирзиёев.

Мисол учун, меҳмонхона фаолиятини сертификатлаш билан аккредитацияси бор барча корхоналар шуғулланиши мумкин бўлади.

Ҳозирда Қурилиш вазирлигидаги «Шаффоф қурилиш» тизими орқали тендер савдолари учун ҳужжатларни фақат вазирлик қошидаги консальтинг марказлари тайёрлаб беряпти. 1 октябрдан худди Тадбиркорлик рейтинги каби «Шаффоф қурилиш» тизимини тадбиркорларнинг ўзи юритади. Консальтинг марказлари функциялари тўлиқ хусусий секторга ўтказилади.

Президент тадбиркорлар таклиф берса, давлат идоралари кўрсатаётган бошқа хизматларни ҳам хусусий секторга беришга тайёрлигини билдирди.

Президентнинг тадбиркорлар билан мулоқоти якуни бўйича бошқа янгиликларни қуйидаги ҳаволалар орқали ўқинг.