Стратегик ислоҳотлар агентлиги Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида жойлашган «Гулпаршин» санаторийсини қайта ишга туширишни таклиф қилди.

Қайд этилишича, Чимбойда 1999 йилда ташкил этилган ва ҳозирда фаолият юритмаётган «Гулпаршин» санаториясининг биносига яқин ҳудудда ер ости шифобахш артезиан суви мавжуд бўлиб, ушбу сув ёрдамида беморларни ёд танқислиги, оёқ бўғин, остеохондроз, тери ва таносил ҳамда бошқа касалликлар даволанган.

Саноторий 2004 йилгача фаолият юритган бўлиб, 2007 йилдан буён Чимбой тумани Тиббиёт бирлашмасининг 3-сонли Реабилитация бўлими сифатида қайта ташкил қилинган ва мазкур бинода охирги марта 2009 йилда қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилган.

Агентликнинг таъкидлашиса, санаторийни қайта таъмирлаш ва 75 ўринга мўлжалланган қувватини ошириш, ер ости шифобахш сувидан фойдаланишни қайта йўлга қўйиш орқали унинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мумкин.

«„Янги Гулпаршин“ санаторийси тўлиқ қувватда ишга тушириш натижасида Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш имконият пайдо бўлади. Ҳар бир даволанган бемордан туманга ўртача 600−700 минг сўм тушум таъминланади. Натижада туманда тиббий хизмат сифати яхшиланиши орқали 50 та янги иш ўринлари яратилиб, бюджетга қўшимча 1,3 млрд сўмлик манба яратилади», — дейилади агентлик хабарида.

Шунингдек, агентлик Чимбой тумани ҳудудида 100 метр чуқурликда астраханит (52%), галит (22%), (6%), тенардит (5%) туридаги 400 млн тонна минерал тузлар захираси мавжуд эканини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, мазкур захирадан унумли фойдаланишга доир лойиҳа ишга туширилганидан сўнг йилига 10 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, юртимизда сульфат натрийга талаб кучли бўлгани сабаб, 90 фоизи (9 минг тонна) ички бозорга ва 10 фоизи (1 минг тонна) ташқи бозорга сотилиши мумкин.

«Ушбу имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида салоҳиятли инвесторларни жалб қилган ҳолда сульфат натрий маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи тайёрланди. Мазкур лойиҳага 10 млн доллар инвестиция киритиш натижасида 200 та янги иш ўринлари яратилиб, бюджетга қўшимча 2,6 млрд сўм тушумлар таъминланади», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва туман ҳокимлиги томонидан тайёрланган барча ташаббусларни амалга оширишга доир ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда.