Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳоким ёрдамчиларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХ ва Бош прокуратура департаменти тадбирида Ўрта Чирчиқ туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи К.М. 13 минг доллар пора олаётганда қўлга олинган. Хабарда айтилишича, у мансабдор танишлари орқали «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида фуқарога 1,8 гектар ер майдонини 10 йил муддатга ижарага олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 15 минг доллар талаб қилган.

Бошқа бир ҳолатда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги ҳоким ёрдамчиси И.К. фуқарони ваколатли танишлари кўмагида туман тиббиёт бирлашмасига ишга киритиб қўйишни айтган. У хизмати эвазига 1200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан ҳоким ёрдамчиларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.