Шавкат Мирзиёев 2024 йилда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот нега айнан Қорақалпоғистонда ўтказилаётганига тўхталди.

«Чунки Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб, бизнес қилишнинг бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор. Биринчиси — Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёзлар пакети қилиб берилган. Иккинчиси — Қорақалпоғистонда ер ажратишнинг содда тизими жорий этилган. Учинчиси — катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудудимиз, бу — Қорақалпоғистон», — деди президент.

Давлат раҳбари қорақалпоғистонлик тадбиркорларни келган меҳмонларга бу ердаги шароитларни кўрсатиш, лойиҳа қилиш бўйича биргаликда таклифлар ишлаб чиқишга чақирди ва барчасини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Очиқ мулоқот якуни билан «Қорақалпоғистонда бизнес қилинг» дастури қабул қилиниши белгиланди.

Маълумот учун, Нукусда президентнинг тадбиркорлар билан йиллик мулоқотида барча ҳудудлардан 300 га яқин тадбиркор ва инвестор, шунингдек, хорижда ўз бизнесини йўлга қўйган 40 дан ортиқ ўзбекистонлик иштирок этмоқда. Мулоқотга 1000 дан ортиқ бизнес вакиллари ҳудудий студиялардан қўшилади.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 2021 йилнинг 20 августида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматидаги илк учрашувини ўтказганди. Ўша йиғилишда у бундай тадбирни ҳар йили ўтказиш ва 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилган.