Ўзбекистонда давлат банклари йирик давлат корхоналарига кредит беришни босқичма-босқич тўхтатади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукусда тадбиркорлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.

Давлат банклари берган кредитнинг 92 трлн сўми ёки 30 фоизи 10 та йирик давлат корхонасига тўғри келади. Шу билан бирга, йирик корхоналар трансформация қилинмоқда, молия бозорларига мустақил чиқиб, ўзи маблағ жалб қилишга ўргатилмоқда.

Масалан, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзавтосаноат» 1 млрд доллардан ортиқ евробонд чиқарган. Навоий комбинати ҳам четдан ўзи бонд олиб келишга тайёргарлик кўрмоқда.

Президент давлат жалб қилган маблағларни йирик корхоналарга бериш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилишини маълум қилди.

Бундай маблағларни бериш икки йил ичида камида 40 фоизга қисқаради. Банклар бунинг ҳисобидан камида 30 трлн сўмни хусусий бизнесга йўналтиради.

Аввалроқ президент ушбу йиғилишда Ўзбекистонда 3 йилдан ортиқ ишлаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк марта 300 мингтага етгани, хусусий секторда 5 млн сўмдан ортиқ маош оладиган ишчилар сони 1 миллиондан ошганини таъкидлаганди. Қолаверса, у Ўзбекистонда инвесторларнинг бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганига ишора қилди.