Ҳиндистон ва Ўзбекистонни Эрон орқали боғловчи янги мультимодал йўналишда контейнер ташувлари йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлконтейнер» матбуот хизмати хабар қилди.

Ёзилишича, Ҳиндистоннинг Мундра, Нҳава Шева ва Ченнай портларидан Ўзбекистонга янги мультимодал йўналишда контейнер ташувлари муваффақиятли ташкил этилган.

бандар-аббос, мультимодал транспорт йўлаги, ўзтемирйўлконтейнер, эрон, ҳиндистон

Синов тариқасида амалга оширилган ташувлар Ҳиндистондан Эроннинг Бандар-Аббос портига денгиз орқали олиб борилган. Шундан сўнг портдан Сергели станциясига қадар темирйўл транспортида олиб келинган.

Бунда контейнерлар Бандар-Аббосдан Сарахс станциясига қадар Эрон платформаларида ташилса, у ердан Тошкентга Туркманистон орқали «Ўзбекистон темир йўллари»га қарашли платформаларга қайта юкланган ҳолда етказилади.

20 та 20 футлик контейнерлардан ташкил топган юк поезди умумий темирйўл узунлиги 2673 км бўлган масофани 20 кунда босиб ўтди. Келгусида ташиш муддатини 15 кунга қисқартириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил июнь ойида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов эронлик ҳамкасби билан учрашувда «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон» транспорт мультимодал коридорини ривожлантириш, шунингдек, Эроннинг Чобаҳор ва Бандар-Аббос портларида ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида терминаллар ва омборлар қуришга келишиб олганди.

Учрашувдан бир ҳафта ўтгач Ўзбекистонга Хитойнинг Сиямен портидан Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали товарлар етказиб бериш бошланган.